Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоятида 5,5 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг фермани аниқлади. Бу ҳақда «Ўзенергоинспекция» ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоятнинг Тойлоқ туманидаги «Чороғбон» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро тижорат мақсадида 55 та тўпламдаги майнинг қурилмасини электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, ноқонуний фойдаланиб келган.
Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 5 млрд 528 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди, дейилади хабарда.