Жорий йилнинг 4 июль куни Самарқанд туризм ва маданий мерос техникумини қайта фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда нутқ сўзлаган «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимов техникумнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
«Келгуси беш йилда туризм соҳасида меҳнат қилаётган малакали кадрлар сонини 500 мингдан ошириш мақсад қилинган. Қайд этиш керакки, техникумни яхши ва аъло баҳоларга битирган ўқувчилар ўз йўналишлари бўйича «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида имтиҳонсиз, суҳбат асосида ўқишни иккинчи курсдан давом эттириш имкониятига эга», – деди А.Абдуҳакимов.
Таъкидлаш жоизки, техникумда бугунги кунда 9 та касб ва мутахассислик бўйича таълим йўлга қўйилган:
– Туризм;
– Сервис ва туризм;
– Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш;
– Умумий овқатланиш хизматларини ташкил этиш;
– Нон, нон маҳсулотлари, қандолат ва макарон ишлаб чиқариш;
– Аеропорт хизматлари;
– Бухгалтерия ҳисоби ва аудит;
– Сартарошлик санъати;
– Маданий мерос обектларини сақлаш ва уларни таъмирлаш устаси.
Техникумда иш берувчи корхона ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда таълим жараёни ташкил этилган. Шунингдек, Жанубий Корея, Германия, Туркия, Болгария ва бошқа хорижий давлатлар билан ҳам халқаро алоқалар ўрнатилган. Техникумнинг ўқувчи ҳамда ўқитувчилари халқаро туризм ташкилотларида билим ва малака ошириб келмоқда.
Техникумда махсус устахоналар ҳам мавжуд бўлиб, ўқувчилар у ерда ўрганган билимларини амалиётда янада мустаҳкамлаш имконига эга.