Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Салавот айтганлар савоб олади

Салавот айтганлар савоб олади

Уламолар, солиҳ инсонлар пайғамбарларга эргашувчи кишилардир. Шунинг учун Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳақиқий севувчи инсон уларнинг ҳар биридан фақат пайғамбар келтирган нарсанигина қабул қилади. Чунки тўлиқ равишда пайғамбарга эргашишгина мўминни жаннатга элтади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Айтинг: “Аллоҳга бўйсунингиз ва Пайғамбарга бўйсунингиз!” Шундан сўнг агар юз ўгирсангиз, бас, (Пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (Аллоҳнинг буйруғини етказиш) ва сизларнинг зиммангизда ўзларингизга юкланган нарса (унга бўйсуниш) бордир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсиз. Пайғамбар зиммасида фақат (ҳақ динни сизларга) аниқ етказиш бордир» (Нур, 54).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа кишилар эса тўғри йўлда ёки нотўғри йўлда бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни қандай адо этганлар, қандай таҳорат олганлар, қандай ётганлар, қандай таомланганлар – буларнинг барида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олишга интилиш, шу билан бирга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)даги беозорлик, тавозе, сахийлик, сабрлилик, қаноат каби ахлоқий сифатларидан ибрат олишга ҳа­ракат қилиш ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган чин муҳаббат аломатларидандир.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўп-кўп салавот­лар айтиш, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўп ёд қилиш, эслаш ҳам мўмин кишининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган севгиси аломатларидандир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтур. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!» (Аҳзоб, 56)

Бу ояти каримада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мар­табалари нақадар улуғ экани зикр этилди. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг ўзи Пайғамбарига салавот айтишини таъкидламоқда. Араб тилида “салавот” сўзи “салот” сўзининг кўплиги бўлиб, “дуо” деган маънони англатади. Намоз ҳам “салот” дейилади, чунки намозда ҳам дуо маъноси бор.

Оятдаги фаришталар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га салавот айтиши, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларига дуо қилиши, истиғфор айтиши маъносидир.

Демак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га доимо Ўз раҳматини юбориб, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан рози эканини билдириб, мақтовлар айтиб туради. Фаришталар ҳам у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб турар экан.

Оятдан Аллоҳ Ўзи ва фаришталари билан Пайғамбарига салавот айтиши маълум бўлди. Оят давомида мўмин кишилар ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишга бую­рилмоқда. Шундай экан, мўминларга у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлади. Бу мавзу Ислом уламолари ўртасида турли хил баҳс–мунозаралар­га сабаб бўлган ва натижада, олимлар умрида бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зотнинг номлари зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак эканига иттифоқ қилган.

Ушбу оят нозил бўлганидан кейин саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қандай салавот айтиш кераклигини сўради.

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ё Аллоҳнинг расули! Сизга салом беришни–ку биламиз, аммо сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммадин, кама соллайта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум мажид. Аллоҳумма борик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад, кама боракта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум мажид”, деб айт, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Баъзи кишилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло Ўзи ва Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига не ҳожат, дейиши мумкин.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларнинг салавотларига муҳтож эмаслар. Аксинча, мўминлар ушбу салавотлари туфайли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни улуғлаганлари учун савоб олади, дуолари қабул бўлади ва муродларига етади.

 

Manba: hidoyat. uz

Киритилди: 06:30 14.02.2020. Ўқилди: 3088 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!