Қирғизистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Андижон сув омборидан Фарғонага сув қувури тортилиши ҳақидаги хабарга изоҳ берди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Андижон (Кампиробод) сув омборидан Фарғонага ичимлик суви етказиб бериш ниятида экани ҳақидаги маълумотга изоҳ берди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Хитойнинг «Синомач» холдинги Андижон сув омборидан Фарғонага сув қувури ётқизиш бўйича дастлабки келишувга эришгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.
Жапаровнинг фикрича, Ўзбекистон сув омборидан қандай қилиб сув олишни режалаштираётганининг фарқи йўқ. Унинг таъкидлашича, қирғиз томони сув омборининг фақат ўндан бир қисмидан фойдаланади, гарчи манбани ҳар икки давлат бошқарсада.
«Ўзбек томони уларга оқиб келаётган сувни қандай қилиб олишининг нима фарқи бор: ариқ, қувурлар ёки осмон орқалими? Барча ҳаракатлар давлатлар ўртасида мувофиқлаштирилади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ОАВ Кампиробод сув омбори авваллари Қирғизистонга тегишли бўлган, деб хато ёзган.
«Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида. Ўтган йили чегара билан биргаликда сув омбори масаласини ҳал қилдик. Энди келишувга кўра, биз уни 50/50 га бошқарамиз, Қирғизистон Кампиробод сувининг атиги 10 фоизидан фойдаланади. Қолганлари эса 100 йилдан бери Ўзбекистонга оқиб кетмоқда», — деди Қирғизистон Республикаси Президенти.