Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Рўзани очиб юборувчи замонавий омиллар

Рўзани очиб юборувчи замонавий омиллар

Олимлар рўзани қуйидаги тўрт нарса очиб юборишлигига ижмоъ қилганлар

1. емоқ
2. ичмоқ
3. жинсий алоқа
4. ҳайз ва нифос

" рўзани очиб юборувчи замонавий омиллар" дейилганда эса, янги пайдо бўлган нарсалар тушунилиб, улар қуйидагилардир:

Биринчи омилнафас қисишига қарши пуркалувчи дори:
Мазкур дори суюқ бўлиб, уч унсурдан таркиб топган: сув, кислород ва баъзи тиббий моддалар.
Ушбу дори рўзани очадими йўқми?
Янги аср олимлари бу борада турлича фикр юритадилар:
1.У рўзани очмайди. Бу кўпчилик олимларнинг сўзлари ҳамда доимий фатво қўмитасининг фатвосидир.
А) чунки, рўзадор учун оғиз ва бурун чайқаш мумкин ва бунга барча ижмоъ қилган. Маълумки, оғиз чайқашдан сўнг маълум миқдордаги сув оғизда қолиб кетади ва мазкур сув қолдиғи сўлакни ютиш орқали ошқозонга кириб боради.
Б) ҳудди шу каби нафасни қисишга қарши пуркагичдан сепилган дори ҳам аввал ўпка сўнг ошқозонга етиб боради ва бу жуда ҳам оз миқдорни ташкил этади. Шунга кўра уни ҳам оғиз чайқалгандан сўнг қолиб кетган сувга қиёсланади.
Бунга сабаб, бир кичик пуркагич ичида 10 мг. суюқлик бўлиб, у 200 марта сепишга мўлжалланган бўлади. Бир марта сепилганда эса, 05 мг. суюқлик ажраб чиқади ва бу жуда ҳам оз миқдорни ташкил этади.
В) мазкур пуркагичдан сепилган дорининг ошқозонга етиб бориши аниқ эмас балки унда гумон бор.
Шунга кўра рўза бузилмайди чунки фиқҳий қоидага кўра, аниқ бор нарса гумон билан йўқ бўлмайди
Г) бу ейиш ва ичишга кирмайди балки таҳлил учун қон олиш ёки қувват бермайдиган укол олишга ўхшайди
Д) табиблар мисвокда саккиз хил кимёвий моддалар мавжудлигини баён қилганлар. Ҳол буки рўзадорга мисвок ишлатиш мутлақ яъни кундузи ҳам жоиздир ва шаксиз мисвокдаги кимёвий моддалар ошқозонга етиб боради. Демак, пуркагичдан сепилган дори мисвокдан ажраб чиққан моддалар каби рўзага зарар бермайди.
Иккинчи фикрга кўра: рўзадор мазкур дорини истеъмол этиши мумкин эмас. Агар ўзига бошқа чора тополмаса ушбу дорини сепади ва кейинчалик соғайиб кетганидан кейин бир кунига бир кундан қазо тутиб беради.
Мазкур фикр эгаларининг далиллари: ушбу пуркагич ичидаги суюқлик ошқозонга оғиз орқали кириб боради ва бу рўзани очади.
Иккинчи фикрга қарши жавоб: агар мазкур суюқликни ошқозонга етиб боришига таслим бўлинсада, ушбу миқдор юқорида таъкидлаганимиз каби жуда ҳам камдир ва унинг ҳукми оғиз чайқалгандан кейин қолиб кетган сувники билан бир хил бўлади.
Шунга кўра, биринчи фикрни олимлар иккинчисидан устун қўйганлар ва рўзани очилмаслигига ҳукм қилганлар.

Иккинчи омил: тил остига ташланувчи таблеткалар:
Яъни: юрак хуружини даволаш учун тил остига ташланувчи таблеткалар бўлиб, улар дарҳол сўрилиб кетади ва қон орқали юракка етиб боради натижада пайдо бўлган юрак хуружи тўхтайди.
Ушбу таблеткаларнинг ҳукми: рўзадор учун уларни истеъмол қилиш жоиз, чунки улардан бирор нарса ҳам қорин бўшлиғига етиб бормайди балки оғизнинг ўзида сўрилиб кетади ва шунга кўра улар рўзани очувчи эмасдирлар.

Учинчи омил: ошқозонни кўрувчи тиббий кўзгу:
У тиббий жиҳоз бўлиб, оғиз орқали аввал ҳалқум сўнг ўпка сўнг ошқозонга киради.
Ундан кўзланган фоида: мазкур жиҳоз ошқозондаги ярани кўрсатади ёки у орқали ошқозоннинг баъзи бўлакларида жарроҳлик амалиётини ўтқазилади ва булардан бошқа тиббий мақсадларда истифода қилинади.
Юқоридаги олимлар бу ҳақида шундай деганлар:
Фиқҳий масалалар баёнида: рўзадорнинг қорин бўшлиғига озуқадан бўлак нарсалар масалан: майда тошлар ёки темир бўлаклари ва шу каби нарсалар кирса ва тиббий кўзгу ҳам шулар жумласидандир рўзани очиб юборадими?
Илм аҳлининг кўпчилик қисмига кўра: бу нарса рўзани очиб юборади. Яъни қорин бўшлиғига кирган ҳар бир нарса рўзани очади лекин ҳанафий мазҳабида қорин бўшлиғига кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани очади деб шарт қилганлар, қолган мазҳаб вакиллари эса, бундай шарт қўймаганлар. Яъни ҳанафий мазҳабига кўра, бир нарсани ипга боғлаб сўнг уни ошқозонга туширса ва бир оздан сўнг уни қайтариб олса рўзаси очилмайди.
Юқоридаги олимларнинг далиллари: Пайғамбар с.а.в. рўзадорга сурма қўйишдан сақланишни буюрдилар.
Шунга кўра, мазкур тиббий кўзгу кўпчилик фақиҳларнинг раъйларида рўзани очиб юборади. Ҳанафий мазҳабида эса, очмайди чунки у ошқозонда қолмай балки қайтиб чиқади.
Иккинчи фикрга кўра: бу каби озуқа бўлмайдиган нарсалар рўзани очмайди масалан темир ёки тош бўлакларини ютса рўзаси очилмайди. Бу баъзи ҳанбалий ва моликий мазҳаб вакиллари ихтиёр этган нарсадир.
Бунга сабаб, китоб (қуръон) ва суннатдаги далилларга биноан рўзани озуқа бўлувчи нарсалар очиб юборадилар. Юқоридаги сурмадан сақланиш ҳақидаги ҳадис эса заиф ҳадисдир. Шунга кўра, у яъни тиббий кўзгу рўзани очмайди.
Аммо мазкур кўзгуга унинг ошқозонга кириши осон бўлиши учун озуқавий ёғ суртилса у ҳолда ҳукм ўзгаради ва бу хилда ютилган тиббий кўзгу рўзани очади.

Тўртинчи омил: бурунга томизилувчи дорилар бўлиб, улар рўзани очадими? Кейинги давр олимлари бу борада икки хил фикр юритадилар.
Биринчи фикрга кўра: мазкур томизиш рўзани очади. Уларнинг далиллари: Лақит ибн Сабура зикр қилган ҳадисда пайғамбар с.а.в. унга "Ғусл қилаётганингда бурнинги ичига тўлиқ сув етқазгин магар рўзадор бўлсанг ундай қилма яъни сувни қаттиқ тортма" деганлар.
Демак, бу шуни кўрсатадики: бурун ошқозон учун бир йўл. Шунга кўра, бурунга сув томизишдан ҳам пайғамбар с.а.в. қайтарган ҳисобланадилар.
Яна пайғамбаримиз с.а.в. нинг бурунга сувни қаттиқ тортишдан қайтаришлари заминида бошқа ҳар қандай нарсанинг ҳам оз бўлсада бурунга киргазишдан манъ этилганига далолат ётади. Чунки, бурунга сувни қаттиқ тортилганда кирган сув миқдори ҳам озни ташкил этади.
Иккинчи фикр эгалари эса: мазкур томизиш рўзани очмайди дейдилар. Уларнинг далиллари: юқорида оғиз чайқалгандан кейин қолган сувга қиёсан бурунга томизилган томчидан ошқозонга етиб борадигани ҳам жуда оз миқдорни ташкил этади.
Чунки, бир томчи сув= 0.06 см. кубга тенгдир.
Мазкур томчи бурунга кирар экан ундан ўтиб ошқозонга етиб бориши қийин ва боргани ҳам оз миқдорни ташкил қилади. Шунинг учун мазкур миқдорни афв қилинади.
Шунингдек, асл қоида рўзанинг дурустлигидир. Унинг бу йўл билан очилиши эса, шак-шубҳалидир. Асл қоида эса, рўзани дуруст ҳолда қолиши чунки аниқ нарса гумон билан йўқ бўлмайди.
Ушбу ҳар иккала фикр ҳам қувватда тенгдирлар.

Бешинчи омил: бурунга пуркалувчи дори:
Бу борадаги баҳс ҳам юқорида оғизга пуркалувчи доридаги каби бўлиб, бурунга пуркалувчи дори ҳам рўзани очмайди.

Олтинчи омил: Беҳуш қилиш (анестезия)
У бир неча турга бўлинади:
1. бурун орқали жузъий яъни тўлиқ кун давомида эмас балки маълум бир соатларга қадар ва инсоннинг барча аъзоларини эмас балки маълум бир қисмини беҳуш қилиш.
Яъни бемор газли моддани ҳидлайди ва бу унинг асаб толаларига таъсир ўтқазади, натижада беҳушлик содир бўлади. Бу эса, рўзани очмайди чунки, бурунга кираётган газли модда жисм эмас ҳамда озуқавий моддаларга ҳам эга эмасдир.
2. Хитойликларга хос бўлган жузъий беҳуш қилиш:
Бу қуруқ игнани тери остидаги сезги марказларига юбориш билан амалга оширилади. Натижада, мазкур игна ички секреция безларини қўзғотади ва улар жисм таркибида мавжуд табий морфий моддасини ажратиб берадилар ва шу йўл билан бемор сезиш қудратини йўқотади.
Бу модомики баданнинг барчасини эмас балки маълум бир қисмини беҳуш қилса рўзани очмайди. Чунки, бу усул қўлланганда қорин бўшлиғига ҳеч қандай модда кириб бормайди.
Эмлаш (шприц) орқали жузъий беҳуш қилиш:
Бу тез таъсир қилувчи дорини шприц орқали қон томирга юбориш билан амалга ошади. Натижада, бемор саноқли сонияларга оғриқни сезмай туради. Бу ҳам модомики жузъий бўлиб, қорин бўшлиғига етиб бормас экан рўзани очмайди.

4: Куллий яъни инсоннинг бутун танасини беҳуш қилиш.
Бу борада ҳам олимлар турлича фикрдадирлар. Қадимдаги олимлар беҳуш бўлган одамнинг рўзаси дуруст бўладими? Деган савол устида баҳс юритганлар ва бу икки ҳолатдан холи эмасдир.
1: рўзадорнинг кундузининг барча қисмида беҳуш бўлмоғи ва куннинг бирор бўлагида ҳам ўзига келмаслиги бўлиб, кўп қисм олимлар мазкур кимсанинг рўзаси дуруст деб ҳисобланмайди деганлар.
Бунга далил: пайғамбар с.а.в. ҳадиси қудсий да "Одам боласининг барча қилган амаллари ўзи учундир магар рўза чунки у мен учундир ва мен унга лойиқ мукофотни ўзим бераман. Чунки, бандам кун давомида мен учун овқатланиш ва шаҳватини тарк қилаябди" дедилар. Мазкур ҳадисда овқатланиш ва жинсий алоқадан тийилишни рўзадорга нисбат берилмоқда. Беҳуш кимсага нисбатан бу маъно тўғри келмайди. (яъни беҳуш кимса бу амалларни ўз ихтиёрича бажармади шунинг учун у рўза тутган деб ҳисобланмайди).
2: кун давомида эмас балки кундузининг маълум бир қисмида беҳуш бўлиш. Бу эса, айни ихтилоф ўрнидир.
У кундузининг бир қисмида ўзига келса унинг рўзаси дурустдир. Бу Аҳмад ва Шофеийларнинг сўзларидир. Имом Моликга кўра: унинг рўзаси мутлақ дуруст эмас.
Абу Ҳанифа р.ҳ. га кўра эса: беҳуш одам завол (пешин вақти киришидан сал олдин) ўзига келса қайтадан рўза тутишга ният қилади ва унинг мазкур рўзаси дуруст бўлади. Чунки, рўзага ният қилиш кундузининг заволдан олдинги қисмида пайдо бўлди. Шунга кўра, тиббий беҳуш қилишдаги ҳукм ҳам табий беҳуш бўлишга қиёсланади ва ҳар иккисининг ҳукми бир хил бўлади.

Еттинчи омил: қулоққа дори томизиш:
Яъни: тиббий моддалардан иборат дорини қулоққа қуйилса, рўзани очадими йўқми?
Муқаддам ўтган олимлар "рўзадор қулоғига сув томизиб ўзини даволаши" ҳақидаги масалада баҳс юритганлар.
Уларнинг кўплари: унинг рўзаси очилади деганлар.
Ҳанбалий мазҳабида: қулоққа томизилган сув қачонки димоғга етиб борса рўзани очади дейилган.
Иккинчи фикрга кўра: рўза очилмайди ва бунга сабаб: қулоққа томизилган нарса димоғга етиб бормайди, етиб борган тақдирда ҳам тўғридан тўғри эмас балки бадандаги тешиклар орқали боради.
Замонавий тиббиётга кўра: қулоқ билан димоғ орасида суюқликни ўтқазиб юборувчи йўл йўқ. Фақат бир ҳолатдагина йўл бўлиши мумкин. Яъни қулоқ пардасида тешик пайдо бўлса, шу ҳолдагина қулоққа томизилган сув димоғга ўтиши мумкин. Шунга кўра, қулоқ пардаси бутун бўлган ҳолатда унга бирор дори томизишлик рўзани очмайди.
Масала: қулоқ пардасида тешик бўлса, унга дори қуйишнинг ҳукми бурунга дори қуйишнинг ҳукми билан бир хил бўлади ва бу юқорида баён этилди.

Саккизинчи омил: қулоқни ювиш:
Бунинг ҳукми ҳам қулоққа дори томизиш билан бир хилдир. Аммо олимлар қулоқ пардасида тешик бўлса ва уни ювилса қулоқ ичига киражак сув миқдори кўп бўлгани учун рўзани очиб юборади деганлар.
Демак, қулоқни ювиш икки қисмга бўлинади:
1. парда мавжуд бўлса рўза очилмайди.
2. қулоқ пардасида тешиклар бўлса ичкарига кирган сув миқдори кўп бўлгани учун рўза очилади.

Тўққизинчи омил: кўзга дори қуйиш:
Бу борада ҳам кейинги давр олимлари турлича фикр билдирадилар ва бу юқоридаги ихтилоф сабаблидир. Яъни кўзга сурма қўйиш масаласида у рўзани очадими йўқми?
Биринчи фикрга кўра: рўза очилмайди ва бу ҳанафий ва шофеий мазҳабининг сўзидир. Бунга далил: кўз билан қорин бўшлиғи орасида йўл бўлмайди ва шунга асосан рўзадор кўзига сурма қўйса унинг рўзаси очилмайди.
Иккинчи фикр эгалари: яъни моликий ва ҳанбалий мазҳабидагилар эса: сурма қўйиш рўзани очади дейдилр. Чунки уларга кўра: кўз билан қорин бўшлиғи орасида йўл мавжуддир.
Шунга кўра, кейинги давр олимлари ҳам кўзга дори томизиш масаласида иккига бўлинадилар.
Биринчи фикр: кўзга дори қуйиш рўзани очмайди ва бунга сабаб: бир томчи дори 1 см.кубдан =0.06га тенг бўлиб, бу миқдор ҳеч қачон ошқозонга етиб бормайди. Чунки, бу дори томчиси кўз ёш йўлидан ўтиш пайтида бутунлай сўрилиб кетади ва томоққа етиб бормайди.
Агар бордию уни ошқозонга етиб боради деб тасаввур қилсакда, мазкур етиб борган миқдор жуда озни ташкил қилади ва ушбу миқдорни афв этилади ва бу ҳудди оғиз чайқашдан сўнг қолган сув миқдорига қиёсланади. Шунингдек, кўзга дори томизишдан қайтарилган ҳеч қандай шаръий ҳужжат мавжуд эмас.
Иккинчи фикрга кўра: у сурма каби рўзани очиб юборади.
Тўғри фикр эса: мазкур дори томизиш рўзани очмайди. Гарчи тиббиёт кўз билан қорин бўшлиғи орасида бурун орқали йўл мавжудлигини исбот қилган бўлсада, мазкур томчи кўз ёш йўлларидан ўтаётган вақтида сўрилиб кетади ва натижада у томоққа ҳам етиб бормайди. Демак, ошқозонга асло етиб бормайди гарчи етиб борганда ҳам жуда оз миқдордагиси боради ва ушбу миқдорни оғиз чайқашдан сўнг оғиз ичида қолиб кетган сув миқдорига қиёсан афв этилади.
Аммо ушбу томчини сурмага қиёслаш нотўғридир.
1. чунки, сурма қўйиш рўзани очиши ҳақида шаръий далил мавжуд эмас. Юқорида бу борада келтирилган ҳадис эса, заиф ҳадисдир.
2. кўзга дори томизишни сурма қўйишга қиёслаш ҳали ҳукми собит бўлмаган балки ихтилофли бўлган нарсага қиёслашдир ва бу дуруст эмас.
3. юқорида баён этилган биринчи фикр эгаларининг далиллари сурма рўзани очмаслиги учун етарлидир.

Ўнинчи омил: тиббий эмлаш (инъекция)
Бу қуйидаги қисмларга бўлинади:
1. тери остига инъекция қилиш (дори юбориш).
2. мушакларга дори юбориш.
3. қон томирларга дори юбориш.
Булар орасидан тери ва мушакларга инсонга қувват бермайдиган дориларни шприц орқали юбориш янги аср олимларига кўра рўзани очмайди. Бунга далил: асл қоида рўзани дурустлиги бўлиб, уни бузилиши учун далил керак. Шунингдек, мазкур эмлашлар ейиш-ичиш ёки уларни маъносидаги нарса яъни озуқа олиш ҳисобланмайди. Аммо, қон томирга инсонга қувват берувчи дориларни юбориш борасида олимлар орасида ихтилоф мавжуд.
Биринчи фикр: мазкур қон томирга инсонга қувват берувчи дориларни юбориш рўзани очиб юборади. Бу Ислом Фиқҳи Академиясининг қароридир. Бунга сабаб: ушбу дори еб-ичишни маъносида яъни озуқа олиш ҳисобланади чунки, шундай дорини қабул қилган шахс одатда овқатланишга эҳтиёж сезмайди.
Иккинчи фикр: у рўзани очмайди. Чунки, ушбу дори одатдаги йўллар орқали қорин бўшлиғига кирмайди. Кирган тақдирда ҳам, теридаги тешиклар орқали боради ва бу қорин бўшлиғига кирмайди ва унинг ҳукмини ҳам олмайди.
Ҳақиқатга яқин фикр: мазкур қон томирга эмлаш рўзани очади чунки рўзани очилишига олиб келувчи шаръий омил фақатгина қорин бўшлиғига бирор нарсани кириб бориши эмас, балки баданнинг озуқаланишидир ва бу игна йўли билан амалга оширилмоқда.
Масала: Қандли диабет касалига мубтало бўлган беморлар қабул қиладиган укол дорилар рўзани очмайди.

Ўн биринчи омил: тери устига суртилувчи мой, крем ва малҳам дорилар:
Тери остида қон томирлари мавжуд бўлиб, улар тери устига суртилган нарсани тук йўллари орқали сўра бошлайди ва бу жараён жуда секин амалга ошади.
Шунга кўра, тери устига суртилган нарса рўзани очадими?
Қадимдаги аксарият фақиҳлар бу нарса рўзани очмайди деганлар. Ислом Фиқҳи Академиясининг қарори ҳам шундай. Баъзилар бугунги кундаги барча янги аср олимлари мазкур ҳукмга яъни тери устига суртилган нарсалар рўзани очмаслигига ижмоъ қилганлар деб айтадилар.

Ўн иккинчи омил: артерия-қон томирга катетер қўйиш:
У қон томирга киргазилувчи ингичка шланка бўлиб, уни дори қуйиш ёки ичкарини кўриш мақсадида кирғазилади.
Ислом Фиқҳи Академияси мазкур катетер рўзани очмаслигига ҳукм қилган. Чунки, у инсонга ҳеч қандай озуқа бермайди ва иккинчидан ошқозонга етиб бормайди.

Ўн учинчи омил: буйракни ювиш: у икки хил йўл билан амалга оширилади:
1. "Сунъий буйрак" деб номланувчи асбоб ёрдамида ювиш. Бу инсон танасидаги барча қонни мазкур асбобга тортиб олиб, сўнг ушбу қонни зарарли моддалардан тозаланади сўнг қонни қайтадан инсон жисмига вена қон томирлари орқали қайтарилади.
Гоҳида мазкур жараён давомида қон томирлардан инсонга озуқа берувчи дориларни юбориб туришга мажбур бўлинади.
Иккинчи услуб: қорин пўсти орқали амалга оширилади:
Яъни: киндик устидан қорин пўстига кичик катетер киргазилади сўнг қорин ичига одатда 2 литр миқдоридаги суюқлик қуйилади. Мазкур суюқлик таркиби кўп миқдордаги қандли глюкозадан иборатдир. Юборилган суюқлик маълум муддат ўтгач, сўриб олинади ва бу амал бир кунда бир неча бор такрорланади.
Янги давр олимлари бу борада ихтилофга борганлар. Яъни ушбу ҳолат рўзани очадими йўқми?
Биринчи фикр: бу ҳолат рўзани очади. Бу доимий фатво қўмитасининг фатвосидир. Уларнинг далиллари: буйракни ювиш инсон қонини қўшимча тоза қон билан кўпайтиради ва гоҳида унга бошқа озуқавий моддалар ҳам юборилади. Демак, бу ерда рўзани очишга боис бўлган икки омил бирлашмоқда.

Иккинчи фикр: бу ҳолат рўзани очмайди. Далил шуки: бу борада шаръий ҳужжат собит эмасдир.
Аммо, ҳақиқатга яқин фикр шуки ушбу ҳолат рўзани очади.
Масала: қонни ўзини тозалаш рўзани очмайди лекин буйракни ювишда қонни филтрлаш билан бирга унга қўшимча тарзда тузлар ҳамда баъзи озуқа бўлувчи моддалар ҳам юборилади. Шунинг учун бу ҳолат рўзани очиб юборади.

Ўн тўртинчи омил: аёл кишининг фаржи орқали қуюлувчи воситалар:
Масалан: бачадонни ювиш рўзани очадими?
Олимлар қадим ва ҳозирги давримизда ҳам бу борада баҳс юритганлар:
Моликий ва ҳанбалий ҳамда ҳанафий олимларнинг баъзиларига кўра: аёл киши олди фаржидан суюқлик томизса рўзаси очилмайди. Чунки, аёл фаржи билан қорин бўшлиғи орасида боғлиқлик мавжуд эмас.
Иккинчи фикр баъзи ҳанафий ва шофеийларга тегишли бўлиб, унга кўра: бу билан аёлнинг рўзаси очилади. Улар ўз сўзларини қовуқ билан фарж орасида ўзаро боғлиқлик борлиги билан исботлайдилар.
Замонавий тиббиёт аёл киши бачадони ва унинг қорин бўшлиғи орасида ҳеч қандай йўл йўқлигини исботлади. Шунга кўра, бачадонга қуйилган сув ёки дорилар рўзани очмайди.

Ўн бешинчи омил: орқа пешоб орқали амалга оширилувчи тиббий амалиётлар:
Бу бир қанча тиббий мақсадларда амалга оширилади. Жумладан: ҳароратни пасайтириш, бавосир (геморрой) каби касалликларни даволаш ва ҳоказолар.
Биринчи: орқа чиқиш йўлини ҳуқна (клизма) қилиш: бу борада қадимдаги олимлар яъни тўрт мазҳаб раислари ҳуқна қилиш рўзани очиб юборади чунки, у қорин бўшлиғига кириб боради деганлар.
Иккинчи фикр эгалари Зоҳирийлар ва ҳанбалийларнинг баъзилари бўлиб, уларга кўра: бу ҳолат рўзани очмайди. Чунки, мазкур ҳуқна ҳеч қандай озуқа бермайди балки қориндаги бор нарсани ҳам олиб тушади ва бу дардни енгиллаштирувчи бирор нарсани ҳидлашга ўхшайди. Бундан ташқари мазкур суюқлик ошқозонга етиб бормайди.
Кейинги давр олимлари ҳам бу борада юқоридаги ихтилофга асосан турлича фикрларга борганлар:
Орқа чиқиш билан ошқозон ўртасида ўзаро боғликлик мавжудми?
Рўзани очади деганларга кўра: бу ерда орқа пешоб тўғри ичакка уланади ва тўғри ичак йўғон ичакка уланган бўлади ва шунг кўра рўза очилади.

Ўн олтинчи омил: орқа пешоб кўзгуси:
Гоҳида табиб орқа пешоб йўлига тиббий кўзгу киргазади ва бу орқали ичакларни текшириб кўради. Бу борадаги шаръий ҳукм ошқозонни текширувчи тиббий кўзгу билан бир хилдир.

Ўн еттинчи омил: инсон танасига эркакларнинг олди олатлари йўлидан кирадиган кўзгу, эритма ёки дорилар:
Ушбулар рўзани очадими?!
Қадимдаги олимларнинг бу борадаги фикрлари:
Биринчи фикр эгалари ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаб имомлари бўлиб, уларга кўра: иҳлил яъни закар учидан сув томизиш гарчи қовуққача етиб борсада рўзани очмайди. Уларнинг далиллари: эркак закари билан қорин бўшлиғи орасида йўл йўқ.
Иккинчи фикр: бу шофеийларга тегишли бўлиб, унга кўра: рўза очилади чунки, қовуқ билан қорин бўшлиғи орасида йўл мавжуддир.
Замонавий тиббиёт эса: сийдик йўллари билан ошқозон ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини исботлади. Шунга кўра: бу ҳолат рўзани очмайди.

Ўн саккизинчи омил: қон бериш:
Бу қон олдириш масаласи билан боғлиқ бўлиб, баъзилар қон олдириш рўзани очади деганлар. Аммо кўп қисм олимлар шунингдек, ҳанафий мазҳаби вакилларига кўра: қон олдириш рўзани очмайди. Аниқроқ фикр ҳам шудир. Бироқ эҳтиёт юзасидан рўзадор киши заруратдан бошқа пайт қон бермагани маъқул.

Ўн тўққизинчи омил: таҳлил учун қон олиш:
Бу рўзани очмайди чунки бу нарса қон олдиришга кирмайди. Бунга сабаб қон олдириш баданни заифлаштиради, таҳлил учун эса, кўп қон олинмайди.

Йигирманчи омил: тиш пастаси:
Тиш пастаси билан тиш ювиш рўзани очмайди чунки оғиз ташқи аъзолар ҳисобида бўлади. Бироқ рўзадор тиш пастасини ифтордан сўнг ишлатгани маъқул чунки у кучли таъсирга эгадир. Рўзадор паста ўрнига мисвок ёки шётканинг ўзи билан кифояланади.
Эслатма: юқорида баён қилинган фатволардан ҳар бир мазҳаб вакиллари ўзлари учун тегишли бўлганини олиб амал қилаверадилар аммо ҳақиқатни билиш Аллоҳгагина хосдир.

Киритилди: 05:39 18.04.2021. Ўқилди: 14205 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!