Бугун 17 май, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Руминия ва Болгария қисман Шенген зонасига кирди

A A A
Руминия ва Болгария қисман Шенген зонасига кирди

Европа Иттифоқига аъзо бўлган Руминия ва Болгария Шенген зонасининг визасиз ҳудудига қўшилди, аммо қисман. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Аэропорт ва денгиз портларида 31 март куни чегара назорати бекор қилинди, бироқ бу давлатларнинг қуруқликдаги чегараларидаги чегара назорати ҳозирча ўз кучида қолади. Бу Австриянинг Руминия ва Болгария Шенген зонасига тўлиқ қўшилишига вето қўйгани, қочқинлар оқими эҳтимолидан хавотир билдиргани билан боғлиқ.

Руминия ва Болгариянинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан қуруқликдаги чегараларида чегара назоратини бекор қилиш тўғрисидаги қарор Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан қабул қилиниши керак. Музокаралар давом этмоқда.

Икки давлат 13 йиллик кутишдан кейин Шенген зонасига кирди. Қолган чекловларга қарамай, ҳаво ва денгиз чегаралари назоратининг бекор қилиниши муҳим рамзий аҳамиятга эга.

“Бу икки мамлакат учун катта муваффақият ва дунёдаги энг катта эркин ҳаракатланиш зонаси бўлган Шенген ҳудуди учун тарихий лаҳза”, — деди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляен.

Руминия ва Болгария 2007 йил 1 январда Европа Иттифоқига аъзо бўлди. Еврокомиссия 2022 йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи кенгашини Болгария, Руминия ва Хорватияни Шенген келишувига киритишга чақирди, чунки бу давлатлар визасиз ҳудудга қўшилиш учун барча шартларни муваффақиятли бажарган.

Хорватия 2023 йилнинг 1 январида Шенген ҳудуди ва евро ҳудудига қўшилди. Европа Иттифоқи кенгаши Руминия ва Болгариянинг аъзо бўлиш тўғрисидаги қарорини декабрь ойида қабул қилган.

Киритилди: 18:41 31.03.2024. Ўқилди: 1082 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!