Руминия Мудофаа вазирлиги Нидерландия ҳукумати билан зарур жиҳозлар билан бирга 18 та F-16 Fighting Falcon қирувчи самолётларини харид қилиш бўйича шартнома имзолади.
Бу ҳақда Руминия мудофаа вазири Йонуц Муштяну ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, ушбу самолётлар фақат Фетештидаги Европа F-16 ўқув марказида ўқув мақсадларида қўлланилади. Марказ аллақачон НАТОга аъзо ва ҳамкор давлатлар учун учувчилар тайёрлаш бўйича минтақавий марказга айланган.
Муштянунинг сўзларига кўра, харид 1 евролик рамзий нархда амалга оширилмоқда. "Бу кадрлар тайёрлаш, ҳамкорлик ва келажакка қўйилган оқилона сармоядир", деб таъкидлади у.
Вазир, шунингдек, F-16 сотиб олиш F-35 самолётларини Руминия ҳарбий-ҳаво кучлари флотига интеграциялашувини таъкидлади.
ОАВнинг ёзишича, Руминия украиналик учувчиларни Фетешти авиабазасида Ғарбда ишлаб чиқарилган F-16 самолётларида ўқитиш харажатларини давлат бюджети ҳисобидан қоплайди. Тренингни молиялаштириш мамлакат Миллий Мудофаа вазирлиги (MApN) орқали амалга оширилади.