Фаластин давлатининг Ғарб давлатлари томонидан тан олиниши Исроилни “жавоб беришига мажбур қилади”. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. У шунингдек, Исроилнинг Қатарга ҳаво ҳужуми ва Ғарбий соҳилни аннексия қилиш режалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Рубионинг таъкидлашича, АҚШ президенти Дональд Трамп Қатарга қилинган ҳужумдан норози, аммо бу ҳолат Вашингтоннинг Тел-Авив билан муносабатларига таъсир кўрсатмайди.
Ғарбий соҳилдаги аннексия режалари ҳақидаги саволларга эса Рубио тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочди. Унинг сўзларига кўра, Европа ва бошқа давлатларни Фаластинни тан олиш қадамларининг оқибатлари ҳақида олдиндан огоҳлантиришган.
“Бу ҳаракат биринчи навбатда рамзий аҳамиятга эга бўлади. Улар ўз ички сиёсий воқелигини намоён қилаяпти. Аммо биз бундан жавоб бўлиши ҳақида огоҳлантирганмиз”, — деди Рубио.
АҚШ Давлат котибининг фикрича, Европа давлатлари Фаластинни тан олиши Газа соҳилида тинчлик келишувига эришишни қийинлаштиради.
11 сентябр куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху босиб олинган Ғарбий соҳилни бўлиш ва аннексия қилиш, шунингдек, Шарқий Қуддусда ноқонуний аҳоли пунктларини кенгайтиришни назарда тутувчи **“E1 лойиҳаси”**ни маъқуллади.
Рубио интервьюда АҚШда машҳур фаол ва блогер Чарли Киркнинг ўлдирилиши юзасидан ҳам фикр билдирди. Унга кўра, мазкур воқеани “байрамлаган” айрим хорижликларнинг визалари бекор қилиниши мумкин.
“Виза – бу сизнинг АҚШда меҳмон эканингизни билдиради. Агар кимдир бузғунчи хатти-ҳаракатларни кўрсатаётган бўлса, биз уларни мамлакатимизга таклиф қилмаймиз”, — деди Рубио.
10 сентябр куни президент Трампни қўллаб-қувватлаши билан машҳур бўлган блогер Чарли Кирк Юта водийси университетидаги тадбир пайтида отиб ўлдирилган эди. Қотилликда гумон қилинган Тайлер Робинсон ўз қариндошлари томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган.