Грузига йўл олаётган Россиянинг MIDVOLGA 2 танкери Қора денгизнинг Туркия соҳиллари яқинидаги ҳудудида ҳужумга учради, деб хабар берди Туркия Денгиз ишлари бош бошқармаси.
Маълумотларга кўра, кемада Россиядан Грузияга кунгабоқар ёғи ташилаётган бўлган. MIDVOLGA 2 қирғоқдан 80 мил (тахминан 120 км) масофада ҳужумга учраган. Бортда 13 нафар экипаж аъзоси бор. Кема ёрдам сўрамаган, жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Ўтган ҳафта охирида Россиянинг “соя флотига” алоқадор икки танкер Туркия қирғоқлари яқинида юз берган портлаш оқибатида шикастланганди. Танкерлар Россиянинг Новороссийск портига йўл олаётган бўлган. Кейинчалик оммавий ахборот воситалари махсус хизматлардаги манбаларга таяниб, бу портлашлар Украина Хавфсизлик хизматининг (СБУ) амалиёти натижасида содир бўлганини хабар берганди.