Бугун 7 февраль, 2026 йил, шанба

O'ZB

Россияга қарши янги санкциялар пакети энергетика, савдо ва молиявий хизматларни қамраб олади

Россияга қарши янги санкциялар пакети энергетика, савдо ва молиявий хизматларни қамраб олади

Европа Иттифоқининг Россияга қарши 20-санкциялар пакети энергетика соҳаси, савдо ва молиявий хизматларга тааллуқли бўлади. Бу ҳақда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен махсус баёнот билан чиқди.

У аъзо давлатларни янги санкцияларни тез фурсатда тасдиқлашга чақириб, бу Украинага қаратилган қатъий қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги сигнали бўлишини таъкидлади.

Фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, янги пакет доирасида Россия нефтини ташишда қўлланилаётган яна 43 та танкерга чекловлар жорий этилади. Шу билан «соя флоти»га киритилган судлар сони 640 тага етказилади. Шунингдек, Россия нефтини денгиз орқали ташишга тўлиқ тақиқ қўйилиб, уни транспортировка қилишга хизмат кўрсатиш ҳам ман этилади.

Баёнотда қайд этилишича, ЕИ Россиянинг танкерлар сотиб олиш имкониятларини чеклаб, газ ташувчи кемалар ва музёрарлар учун техник хизмат кўрсатишга кенг кўламли тақиқлар жорий этади. Бу чоралар Россиянинг газ экспорт лойиҳаларига қўшимча зарба беришга қаратилган.

Бундан ташқари, янги санкциялар пакети Россия банк тизимини янада чеклаш ва унинг альтернатив тўлов каналлари яратиш имкониятларини қисқартиришни ҳам назарда тутади.

Киритилди: 21:55 06.02.2026. Ўқилди: 186 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!