Бу ҳақда "На связи" хабар берди.
“На связи” лойиҳасининг маълум қилишича, Россияда интернет-ресурсларни чеклашнинг янги усули қўлланила бошланди. YouTube, Instagram, WhatsApp Web ҳамда қатор мустақил оммавий ахборот сайтларининг манзиллари Миллий домен номлари тизими (МДНТ) рўйхатидан ўчириб ташланмоқда.
Лойиҳа хабарига кўра, муаммо “суверен интернет” концепцияси доирасида яратилган МДНТ фаолияти билан боғлиқ. Айрим интернет-провайдерлар айнан шу миллий DNS хизматидан фойдалангани сабабли, фойдаланувчиларнинг бир қисми қатор сайтларга кира олмаяпти. Бироқ МДНТдан фойдаланмайдиган операторлар мижозлари учун ушбу ресурслар ишлашда давом этмоқда.
“На связи” вакиллари The Insider нашрига берган изоҳида бу ҳолат тасодифий техник носозлик эмас, балки Роскомнадзор томонидан манзилларни атайлаб ўчириш натижаси эканини таъкидлади.
Лойиҳа томонидан текширилган 50 та сайтнинг 13 тасида МДНТ ёзувлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Бу эса миллий DNS хизматидан фойдаланувчи провайдерлар абонентлари мазкур манбаларни очолмаслигини англатади. Улар орасида Россияда расман блокланмаган, фақат секинлаштирилган сайтлар ҳам бор.
Текширув натижаларига кўра, МДНТ туфайли unresolved ҳолатидаги доменлар орасида www.youtube.com, www.web.whatsapp.com, www.bbc.com, www.currenttime.tv, www.dw.com, www.facebook.com, www.instagram.com, www.messenger.com ва бошқа сайтлар бор.
Бундай сайтларга киришга ҳаракат қилинганида браузер DNS_PROBE_FINISHED_NXDOMAIN хатосини кўрсатади. Бу домен номи мавжуд эмаслигини, яъни ушбу ресурсларнинг IP-манзиллари миллий DNS маълумотлар базасидан ўчириб ташланганини англатади.
Мутахассислар буни DNS tampering — домен номлари тизимига ёзувларни ўчириш орқали аралашиш усули — деб баҳоламоқда. Аввал бундай амалиёт 2024 йилда Discord ва Signal блокланганда қўлланилган эди. Бироқ ёзувларнинг оммавий равишда ўчирилиши илк бор қайд этилмоқда.