Жиззах вилояти суди Бахмал туманида яшовчи 49 ёшли фуқаро устидан жиноят ишини кўриб чиқиб, уни ёлланмалик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топди.
Суд материалларига кўра, мазкур шахс 2023 йилда Россияга меҳнат фаолияти билан банд бўлиш мақсадида сафар қилган. Иш топишда қийинчиликларга дуч келганидан сўнг у Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, Толятти шаҳридаги 21208-сонли ҳарбий қисмда хизматни бошлаган.
У уч ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтган, транспорт бошқаруви ва бошқа амалий машғулотларда қатнашган. Кейинчалик Луганск вилоятининг Мирне қишлоғига юборилган бўлиб, у ерда ҳарбий таъминот хизматида ёқилғи, озиқ-овқат ва кийим-кечак ташиш билан шуғулланган.
Фуқаро ўз кўрсатмаларида хизматни бажарганини тасдиқлаган, бироқ жанговор ҳаракатларда бевосита иштирок этмаганини билдирган. 2024 йил май ойида у Россия фуқаролигини олган ва Калуга вилоятида кўчмас мулк харид қилган. 2025 йил февраль ойида у яна шартнома имзолаб, Севастополга дрон кузатувчиси сифатида юборилган.
Ҳарбий госпиталда даволангандан сўнг у Ўзбекистонга қайтган, аммо Самарқандга етиб келганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Суд жараёнида айбланувчи ўз қилмишини тан олган бўлиб, моддий ва оилавий аҳволи оғир бўлгани сабабли ҳарбий хизматга борганини таъкидлади.
Жиззах вилояти суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (“Ёлланиш”) ва 228-моддаси 2-қисми “а” банди (“Ҳужжатларни қалбакилаштириш”) билан айбдор деб топиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Суд қарорига кўра, унинг хизмат даврида олган Россия паспортлари, ҳарбий гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда медаллари жиноят иши доирасида ашёвий далил сифатида сақланиб қолади.