Иркутскдаги ўлатга қарши кураш институти ходими Дарья Шипилова 2 октябрь куни ўпка ўлатидан вафот этди.
Шундан сўнг шаҳарда бир нечта шифохона карантинга ёпилди, 200 га яқин киши изоляция қилинди ёки тиббий назоратга олинди.
Axios хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти вазият ривожини диққат билан кузатмоқда.
Ўпка ўлати ҳаво-томчи йўли орқали юқиши мумкин ва эпидемиологик жиҳатдан катта хавф туғдиради. Вашингтонни коронавирус пандемиясига ўхшаш жиҳатлар ҳам хавотирга солаётган бўлиши мумкин: касаллик манбаси ҳозирча аниқ эмас.
Шипилова касалликни дала тадқиқотлари вақтида ёки лабораторияда юқтиргани маълум қилинмаган. Расмийлар ҳодиса тафсилотларини ошкор қилмаган, аммо ҳозиргача кейинги юқиш ҳолатлари қайд этилмаганини билдирган.
XIV асрдаги ўлат эпидемияси Европада 50 миллионгача инсоннинг ҳаётига зомин бўлган. Бугунги кунда ҳам ўпка ўлати ўз вақтида даволанмаса, ўлимга олиб келиши мумкин.