Россиянинг кўзга кўринмас қирувчи самолёти пайшанба куни Ҳиндистонга етиб келди. Москва Хитойнинг геосиёсий рақиби бўлмиш Ню-Деҳлига ушбу замонавий қирувчи лойиҳаси бўйича ҳамкорлик таклиф этишга тайёрланмоқда.
Россия Ҳиндистонга қурол-яроғ етказиб берувчи асосий давлат бўлиб, 2019-2023 йилларда Ҳиндистон қурол импортининг 36 фоизини таъминлаган. Бундан ташқари, Ню-Деҳли Москвадан нефть харид қилишни давом эттирди ва Россия-Украина уруши давомида энг йирик импортчи сифатида Хитойни ортда қолдирди.
Ҳиндистоннинг Россиянинг ярим иттифоқчиси ҳисобланган Хитой билан шимолий чегарасида низоли ҳудудлари мавжуд. Жанубдаги Ҳинд океанида эса Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари ўз мавқеини мустаҳкамлади, чунки Пекин денгиз фаолиятини кенгайтирмоқда. Ню-Деҳли бу минтақани ҳаётий аҳамиятга эга ҳудуд деб билади.
Россиянинг "ТАСС" давлат ахборот агентлиги Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларидаги манбасига таяниб хабар беришича, радарга сездирмайдиган Су-57Е қирувчи самолёти Ҳиндистоннинг жанубидаги Бенгалуру (илгариги номи Бангалор) шаҳрига 2025 йилда ўтказиладиган Aero India аЭрокосмик ва мудофаа кўргазмаси учун қўнган.
Су-57 Россиянинг хизматдаги биринчи яширин технологияда ишлаб чиқарилган ҳарбий самолёти бўлиб, унинг Су-57Е экспорт версияси мавжуд. Су-57 прототипидаги иккита самолёт ўтган йилнинг ноябрь ойида Хитойда бўлиб ўтган ҳаво кўргазмасига ташриф буюрган, бироқ улар сифатсиз ишлангани ва ёмон ҳолати учун танқид қилинган.
Хабарга кўра, Россиянинг "Ростех" давлат мудофаа корпорацияси Москва Ҳиндистонга Су-57Е лойиҳаси бўйича "тўлиқ ҳамкорлик" таклиф қилишга тайёр эканлигини билдирган.
Таклифлар орасида тайёр самолётларни етказиб бериш ва Ҳиндистонда қўшма ишлаб чиқариш масалалари бор эди. Шунингдек, хабарда айтилишича, Россия Ҳиндистонга Американинг F-22 ва F-35 ҳамда Хитойнинг хизматдаги J-20 самолётлари каби ўзининг яширин бешинчи авлод қирувчи самолётларини ишлаб чиқишда ёрдам бериши айтилган.