Тожикистонда Исмоил Сомоний тизмасида жойлашган йирик музликнинг бир қисми асосий музликдан ажралиб, дара бўйлаб пастга томон силжиб тушди. Ҳодиса жорий йилнинг 25 октябр куни соат 11:00 атрофида Тожикобод туманидаги Калаи Лаби Об қишлоқ жамоатига қарашли Сафтаб қишлоғида қайд этилган. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ажралган музликнинг узунлиги тахминан 2 километр, баландлиги 25 метр, кенглиги эса 150–200 метрни ташкил этган. Музликнинг силжиши аҳоли ва инфратузилмага зарар етказмаган, ҳодиса оқибатларисиз якунланган.
Мутахассислар мазкур ҳодисани иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг барқарор ўсиши билан боғлаяпти. Одатда бундай муз кўчкилари Ҳиндистон ва Непалнинг баланд Ҳимолай минтақаларида кузатилган бўлса, сўнгги йилларда Марказий Осиё тоғ музликларида ҳам бундай жараёнлар тез-тез қайд этилмоқда.
Гляциологларнинг таъкидлашича, яқин кунларда кучли ёғингарчилик кузатилса, музликнинг яна бир қисми ажралиши эҳтимоли бор. Бундай ҳолат Қаса-и-Наби қишлоғи яқинидаги Гулрез жамоатида жойлашган фермер хўжаликларига хавф туғдириши мумкин.
Мутахассислар айтишича, ушбу музлик тўлиқ эриб кетган тақдирда тахминан 7–8 миллион куб метр сув ҳосил бўлади. Бироқ бу жараён бир вақтнинг ўзида кескин сув тошқинига айланиши кутилмаяпти.