🔷 Россия ва Украина делегациялари аллақачон Истанбулга етиб борган. Музокаралар Москва вақти билан соат 13:00да Чираган саройида бошланиши режалаштирилган. Охирги марта бўлгани каби Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ҳам ҳозир бўлади ва очилиш нутқи билан чиқади. Туркия разведкаси раҳбари Иброҳим Калин ҳам мулоқотга киришиши мумкин.
🔷 Россия делегациясига музокараларнинг биринчи босқичидагидек Владимир Путиннинг ёрдамчиси Владимир Мединский, Украина делегациясига эса мамлакат мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилмоқда.
🔷 Мединский Украина расмийлари ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича меморандумнинг ўз версиясини тақдим этганини тасдиқлади. Музокаралар давомида Россия ўз меморандумини тақдим этишни режалаштирмоқда.
🔷 Reuters хабарига кўра, Киев ўз меморандумида 30 кунга тўлиқ ўт очишни тўхтатиш, “ҳамма учун” тамойили асосида асирлар алмашиш, хавфсизлик кафолатлари ва тажовуз такрорланишининг олдини олишни талаб қилади. Украина, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиш тақиқланмаслигини сўрамоқда.
🔷 Бундан ташқари, Украина армия сонини чекламасликни ва мамлакат ҳудудига хорижий қўшинларни жойлаштиришни тақиқламасликни талаб қилмоқда. Киев, шунингдек, музлатилган Россия активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланишни таклиф қилмоқда, акс ҳолда улар репарация тўланмагунча блокланади.
🔷 Украина Россия ҳудудига олиб кетилган болаларни қайтаришни сўрамоқда. Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятдан босиб олинган ҳудудларнинг суверенитетини тан олмасликни талаб қилади.
🔷 Аввалги музокаралар чоғида Мединский Украинани Суми ва Харков вилоятларини босиб олиш билан таҳдид қилган, деб тасдиқлади Financial Times аввалроқ. Бу бугун эълон қилинадими ёки йўқми ҳозирча маълум эмас.