Бугун 30 апрель, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Россия ва Беларусь боксчилари World Boxing мусобақаларига қайтди

Россия ва Беларусь боксчилари World Boxing мусобақаларига қайтди

World Boxing ташкилоти ижроия кенгашининг 2026 йил апрель ойидаги йиғилишида Россия ва Беларусь спортчилари ўз шафелигидаги турнирларда иштирок этиши тасдиқланди. Мазкур қарорга кўра, спортчилар, мураббийлар ва расмий шахслар учун махсус AIN (индивидуал нейтрал атлет) тартиби жорий этилади.

“World Boxing Россия ва Беларусьдан келган спортчилар, ёрдамчи ходимлар ҳамда расмий шахсларнинг World Boxing томонидан ташкил этилган халқаро мусобақаларда иштирок этиш мезонларини белгилаб берувчи AIN тартиби яратилганини тасдиқлади”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, спортчилар байроқ ва мадҳиясиз иштирок этишлари мумкин бўлади.

“Нейтрал мақом олиш тартиби World Boxing ижроия кенгашининг 2026 йил апрель ойида бўлиб ўтган сўнгги йиғилишида маъқулланди ва у Халқаро олимпия қўмитаси томонидан қабул қилинган ёндашувни акс эттиради”, дея маълум қилди ташкилот.

Шунингдек, Россия бокс федерациясининг ташкилотга “тан олинган аъзо” мақомида қўшилиши бўйича аризаси ҳам маъқулланди. Ушбу мақом россиялик боксчиларга мусобақаларда қатнашиш имконини берса-да, 2026-йилги конгрессда овоз бериш ҳуқуқини тақдим этмайди.

Мазкур ислоҳотлар 2025 йил ноябрида Геннадий Головкин World Boxing президенти этиб сайланганидан сўнг янги босқичга чиқди. Головкин ўз нутқида ҳар бир қарор марказида спортчилар туришини ва 2028-йилги Лос-Анжелес Олимпиадаси йўлида олимпия боксига бўлган ишончни тиклаш асосий мақсад эканини таъкидлаганди.

Киритилди: Бугун 12:35. Ўқилди: 335 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!