Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Михаил Улянов “РИА Новости” нашрига берган интервюсида 2022 йилда Россия томонидан босиб олинган ва уч ҳафтадан бери фавқулодда дизел генераторларида ишлаб келаётган Запароже атом электр станциясининг ташқи электр таъминотини тиклаш учун ушбу ҳудуднинг ўзида ўт очишни тўхтатишни таклиф қилди.
У таъмирлаш ишлари шу ҳафта охиригача бошланиши мумкинлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябр куни Запороже АЭСда ташқи электр таъминоти узилган эди. Москва бунда Украина томонидан амалга оширилган ўққа тутишларни, Украина эса аксинча, Россияни ўзини айбламоқда.
“Россия ҳужумлари туфайли станция электр таъминотидан узилди. Ҳозирда у дизел генераторлари ёрдамида электр энергияси билан таъминланмоқда. Бу фавқулодда ҳолат. Генераторлар ва станция бу каби вазиятга мўлжалланмаган ва ҳеч қачон ушбу режимда бунчалик узоқ вақт ишламаган", – деди Украина президенти Володимир Зеленский.
Маълумот учун, Европадаги энг йирик АЭС ҳисобланган Запароже АЭС айни пайтда электр энергияси ишлаб чиқармаяпти, аммо унинг совитиш насослари ишлаши учун ҳам электр энергияси зарур. Акс ҳолда қизиб кетган реактор портлаши ва Фукусима ёки Чернобилда содир бўлгани каби ҳалокат юзага келиши мумкин.