Янги таҳлилга кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва бошқа юқори мартабали Россия амалдорлари Москванинг мустамлакачилик ўтмишидан "НАТО давлатларига қарши келажакдаги тажовузни оқлаш" учун фойдаланишга уринмоқда.
НАТО давлатлари, айниқса Россияга яқин жойлашган мамлакатлар, Москва келгуси йилларда альянс аъзоларига қарши ҳужумлар уюштириши мумкинлигини тобора кўпроқ таъкидламоқда.
Расмийлар Кремль анъанавий ҳарбий ҳужум ўрнига, гибрид уруш тактикасидан фойдаланган ҳолда НАТО ҳудудига ҳужум қилиши мумкинлигини айтишмоқда. Гибрид уруш очиқ жанг ҳаракатларидан ташқари, киберҳужумлар, ахборот кампаниялари ёки денгиз ости кабеллари каби заиф инфратузилмаларни нишонга олиш каби турли фаолиятларни ўз ичига олади.
Ноябрь ойида ўз лавозимини тарк этиш арафасида Newsweek нашрига берган интервьюсида, Полша шимоли-ғарбидаги НАТОнинг Шимоли-шарқий кўп миллатли корпусининг собиқ қўмондони, генерал-лейтенант Юрген-Ёахим фон Сандрарт шундай деди: "Россия учун иттифоқнинг бирдамлигини синаб кўришнинг кўплаб усуллари мавжуд, жумладан, чекланган ҳудудларни босиб олиш ҳам шулар жумласидандир."
НАТО ўзининг барча аъзолари альянс таъсис шартномасининг 5-моддасига содиқ қолишига таянади. Бу модда НАТОга аъзо давлатларга қуролли ҳужумга учраган ҳар қандай бошқа аъзога ўзлари муносиб деб топган тарзда ёрдам бериш мажбуриятини юклайди.