Россия Ташқи ишлар вазири расмий вакили Мария Захарова Курск вилоятининг “озод қилиниши” муносабати билан баёнот берди. Унинг нутқида Шимолий Корея қўшинларининг Украинага қарши урушдаги иштирокига алоҳида ўрин ажратилди.
"Россия ва КХДР халқларининг жанговар биродарлиги шонли тарихига янги саҳифа қўшилди. Корея Халқ Армияси жангчилари Россия ва Шимолий Корея ўртасида 2024 йил 4 декабрда кучга кирган “Ҳар томонлама стратегик шериклик” шартномаси асосида Курск вилоятида бизнинг аскар ва зобитларимиз билан елкама-елка жанг қилдилар ҳамда рус ерларини душман босқинчиларидан озод этишда муҳим ҳисса қўшдилар", — дея таъкидлади Захарова.
Украина Қуролли Кучлари эса Курск вилоятининг маълум бир ҳудудларида ҳали ҳам фаол жанговар ҳаракатлар давом этаётгани ва украин қўшинлари позицияларни назорат остида ушлаб тургани ҳақида хабар берганди.
Шимолий Корея қўшинларининг урушдаги иштироки ҳақидаги маълумотлар 4 декабр санасидан бир неча ой олдин Жанубий Корея, АҚШ ва Украина расмийлари ҳамда разведкалари томонидан тарқатилган эди. Москва ва Пхенян шимолий кореяликларнинг фронтга юборилганини узоқ вақтдавомида расмий равишда тан олмаган. Бу ҳақдаги биринчи расмий тасдиқ 26 апрел куни Россия Бош штаби томонидан эълон қилинган баёнотда қайд этилди.