Бугун 12 июнь, 2026 йил, жума

O'ZB

Россия Сурия билан мамлакатдаги ҳарбий базаларини қайта шакллантирмоқчи

Россия Сурия билан мамлакатдаги ҳарбий базаларини қайта шакллантирмоқчи

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сурия ҳукумати билан музокаралар ўтказаётганини маълум қилди. Унда Москванинг мамлакатдаги ҳарбий базаларининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда The Moscow Times хабар берди.

Россиянинг Суриядаги Тартус ҳарбий-денгиз базаси ва Хмеймим авиабазаси устидан назорати келажаги борасида саволлар кўпайган эди. Бу шубҳалар 2024 йил декабр ойида Россиянинг иттифоқчиси бўлган Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин юзага келди.

Амалдаги президент Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги ҳозирги Сурия ҳукумати Россия билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, расмий Дамашқ Москвадан сиёсий бошпана олган Асадни мамлакатга топширишни (экстрадиция қилишни) талаб қилмоқда.

"Сурия халқаро ҳамкорлари билан алоқалар доирасида Россиянинг бу мамлакатдаги ҳарбий иштироки масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Россия ҳарбий объектларининг вазифаларини эҳтимолий қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда", — деди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

Хмеймим ва Тартус Россиянинг собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидан ташқаридаги ягона ҳарбий базалари ҳисобланади. The Wall Street Journal нашрининг АҚШ расмийлари ва сунъий йўлдош тасвирларига таяниб ёзишича, май ойида Қўшма Штатлар санкциялари остидаги Россия юк кемаси Тартус базасига юк келтирган. Кема Хмеймим авиабазаси учун мўлжалланган ускуналар олиб келган бўлиши мумкин.

Киритилди: Бугун 12:41. Ўқилди: 334 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!