Бугун 8 август, 2026 йил, шанба

O'ZB

Россия расмийси мамлакатни узоқ давом этадиган урушга тайёр бўлишга чақирди

Россия расмийси мамлакатни узоқ давом этадиган урушга тайёр бўлишга чақирди

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Родион Мирошникнинг айтишича, Россия узоқ муддат давом этадиган ҳарбий ҳаракатларга тайёр бўлиши керак, чунки унинг фикрича, яқин истиқболда Украинага қарши урушни якунлаш имкони йўқ.

ТАСС агентлигига берган интервьюсида Мирошник Ғарб давлатлари можарони давом эттиришга қарор қилгани ва тинч йўл билан келишувга эришиш имкониятларини рад этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мулоқотга уринишлар Европа давлатларининг ҳар қандай келишув имкониятларини барбод қилишга интилишига дуч келмоқда.

«Бу тенденцияни яқин вақт ичида ўзгартириш қийин. Европа Украинани молиялаштиришда давом этади. Шунинг учун бизнинг томонда ҳам пухта ўйланган стратегия билан узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик бўлиши керак», — деди Мирошник.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва 2024 йил июнь ойида Владимир Путин томонидан белгиланган мақсадларга эришилмагунча ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш ниятида эканини билдирган эди. Ўшанда Путин Украина қўшинларини Донбасс, Запорожье ва Херсон вилоятларидан олиб чиқиш, ушбу ҳудудлар ҳамда Қримни Россияники сифатида тан олиш, Украинанинг НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши, шунингдек, мамлакатни «демилитаризация» ва «денацификация» қилиш талабларини илгари сурган.

Жорий йил июль ойида Путин 2027–2029 йилларга мўлжалланган федерал бюджетни тайёрлашда ҳарбий харажатлар устувор йўналишлардан бири бўлиб қолишини айтган. Шу билан бирга, у Ғарб давлатларини «русофобия машинаси»ни ишга туширишда айблаб, Россия ҳар қандай душманона ҳаракатларга «қатъий жавоб беришга» тайёрлигини билдирган.

Айни пайтда Россияда янги сафарбарлик эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда. The Wall Street Journal манбаларга таяниб хабар беришича, шартнома асосида хизматга кирувчилар сони камайгани сабабли Кремль Давлат Думаси сайловларидан кейин янги сафарбарлик эълон қилиши мумкин. Бундай эҳтимол ҳақида Institute for the Study of War (ISW) ҳам хабар берган.

Киритилди: 20:58 07.08.2026. Ўқилди: 1474 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!