Европа Иттифоқининг Россияни “пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш бўйича хавф даражаси юқори давлатлар” рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарори кучга кирди. Еврокомиссия мазкур қарорни 2025 йил 3 декабрда тасдиқлаган эди.
ЕИ олий дипломати Кая Калласнинг сўзларига кўра, бу Россия учун Украинага қарши урушни молиялаштиришни қийинлаштириши лозим. “Менимча, Россияни ҳақиқий музокараларга мажбурлаш учун ҳар қандай босим усулидан фойдаланган маъқул” — дея қўшимча қилган олий дипломат.
Шунингдек, ЕИ рўйхатига киритилиш автоматик равишда Россияга боғлиқ операцияларни тақиқламайди. Барча молиявий амалиётлар ЕИдаги банклар, суғурта компаниялари, кўчмас мулк агентликлари ва бошқа воситачилар томонидан кучайтирилган мониторингдан ўтади.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бу энг аввало Иттифоқда яшовчи ва молиявий тизимдан тез-тез фойдаланувчи россияликларга таъсир қилади. Шунингдек, улар ЕИга киришга ҳаракат қилаётган россияликлар ҳам муаммога дуч келиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Расмий жиҳатдан операцияларга батафсил текширувдан кейин рухсат этилади, аммо амалда банклар бундай мижозлар билан ишламасликни афзал кўриши мумкин.
Маълумотларга кўра, Россия Anti-Моней Laundering Authority (AMLA) Европа рўйхатига киритилган 30-давлат бўлди. Ушбу рўйхатда Шимолий Корея, Афғонистон, Эрон, Ямайка, Сурия ва бошқа давлатлар ҳам мавжуд.