Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон аҳолисини қандай об-ҳаво кутмоқда?
«Ўзгидромет» маълумотига кўра, феврал ойининг биринчи беш кунлиги нам об-ҳаво билан бошланади, республика бўйича асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади.
Ҳаво ҳарорати аста-секин кечалари 5-10 даража илиққача, кундуз кунлари 13-18 даража илиққача кўтарилади.
Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечалари 2-7 даража илиқдан 0-5 даража совуққача, кундуз кунлари 5-10 даража илиқдан 13-18 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Ҳар ўн кунликда айрим кунларда 2-3 кундан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда.
Аммо қиш ойларининг об-ҳавоси бир хилликка мойил эмас ва турли йилларда Ўзбекистонда феврал ойлари ҳар хил бўлади. Феврал ойида баҳорий илиқ об-ҳаво тез-тез кузатилган даврларда табиат уйғониб бодом, ўрик, олхўри ва олчанинг эрта пишар навлари гуллаши бошланиши мумкин.
Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун феврал ойидаги максимал ҳароратнинг мутлоқ рекордлари 24-29 даража илиқни, жанубий ҳудудларнинг баъзи жойларида 30-32 даража илиқни ташкил этади. Республиканинг катта қисмида бу рекордлар 2016 ва 2021 йилларда ўрнатилган эди.