Россия ҳарбийлари Курск областида Украина Қуролли кучлари (УҚК)га қарши кенг кўламли қарши ҳужумга ўтди. Бу ҳақда 10 октябр, пайшанба куни кечқурун Украинанинг Deepstate мониторинг лойиҳаси маълум қилди. Россиялик ҳарбий блогерлар ҳам Россия Федерациясининг Коренев, Суджа ва Глушково районларида фаол қарши ҳужуми ҳақида ёзяпти.
Хусусан, Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган «Рыбарь» Telegram-канали Россия бўлинмалари «Украина қўшинларини Глушково туманидан деярли бутунлай сиқиб чиқарганини» даъво қилмоқда. «Два майора» канали русларнинг Суджа районидаги Зелений Шлях қишлоғи яқинида олдинга силжигани ҳақида хабар берди. Коренев районида, Украинанинг Deepstate лойиҳасига кўра, Украина Қуролли кучлари 10 октябрда 38 квадрат километрдан ортиқ майдонни йўқотди. Шундай қилиб, Украина бир ой ичида Курск областида энг катта ер участкасидан 24 соат ичида маҳрум бўлди, деб ёзади «Агентство» Telegram-канали.
«Северный ветер» каналига кўра, 10 октябр куни кечқурун рус қўшинлари «бешта аҳоли пунктини эгаллаб, камида иккита душман баталонини ўраб олишга, иккита муҳим таъминот ва эвакуация йўлини кесишга» муваффақ бўлишди. 11 октябр куни Чеченистоннинг «Ахмат» махсус кучлари қўмондони Апти Алаудинов «Комсомолская правда» газетасига берган интервюсида Россия Федерацияси аллақачон Курск областида 15 аҳоли пунктидан украиналик ҳарбийларни сиқиб чиқарганини айтди.