Россия ядро каллакларини ташишга қодир “Орешник” гипертовушли баллистик ракеталарини Беларус шарқидаги авиабазада жойлаштирган — Reuters
"Америкалик тадқиқотчилар Planet Labs сунъий йўлдоши тасвирларини ўрганиб чиқиб, “Орешник” тизими Беларуснинг Могилёв вилоятидаги, Россия чегарасидан атиги 5 километр узоқликда жойлашган “Кричев-6” собиқ ҳарбий аэродромида жойлаштирилган деган хулосага келишди", дея хабар бермоқда нашр.
Маълумотларига кўра, бу Россиянинг бутун Европа бўйлаб ракеталарни етказиш имкониятларини кучайтириши мумкин. “Кричев-6” аэродроми Украинадан тахминан 180 км, Латвиядан 370 км, Литвадан 400 км ва Полшадан 540 км масофада жойлашган.
Тадқиқотчилар сунъий йўлдош тасвирларида айнан “Орешник” тизими акс этгани 90 фоиз аниқликда эканини айтишди. Reuters манбасининг билдиришича, тадқиқотчилар баҳоси АҚШ разведкаси хулосалари билан ҳам мос келади.
“Орешник” — ўрта масофали экспериментал баллистик ракета тизими бўлиб, унинг учиш масофаси тахминан 5500 километрни ташкил этади. Россия Қуролли кучлари “Орешник”ни илк бор 2024 йил ноябр ойида, Украинанинг Днепр шаҳрига зарба бериш чоғида қўллаган.