Россиядаги Молдова элчиси Лилиан Дарий Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Россия ТИВ баёнот беришича, унга Молдова ҳукумати томонидан 23 октябрь куни Кишинёвдаги Россия элчихонаси ходимининг «персона нон грата» деб эълон қилиниши муносабати билан қатъий норозилик билдирилган. Бунга Молдова ҳудудида портловчи модда бўлган дрон парчалари топилгани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
«Тегишли учувчисиз учиш аппаратининг Россияга тегишли эканини тасдиқловчи далилларнинг йўқлиги мазкур қарорнинг асоссизлигидан далолат беради. Бу эса Молдованинг навбатдаги дўстона бўлмаган қадами ҳисобланади», — дейилади вазирлик баёнотида.
Молдова элчисига Россия Ташқи ишлар вазирлигининг нотаcи топширилган. Унда Россия томони ўзаролик тамойилидан келиб чиқиб, Молдованинг Россиядаги элчихонаси ходимини номақбул шахс деб эълон қилиши маълум қилинган.