Бугун 20 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Машарипов ва Ашурматовнинг клубида можаро

Машарипов ва Ашурматовнинг клубида можаро

Эроннинг “Истиқлол” клуби бош мураббийи Суҳроб Бахтиёризода раҳбарият билан юзага келган келишмовчиликлар ортидан истеъфога чиқишга қарор қилди.

Ўзбекистонлик футболчилар Жалолиддин Машарипов ва Рустам Ашурматов тўп тепаётган Теҳрон клубида машғулотлар учун зарур шароитлар яратилмагани мураббийнинг норозилигига сабаб бўлган.

Бахтиёризода “Фарҳихтегон” нашрига берган интервьюсида клубнинг собиқ раҳбари Али Тожерниёни кескин танқид қилди.

“Мавсум бошида раҳбариятга машғулот майдони ва футболчиларнинг дам олиши учун шароит яратиш муҳимлигини айтгандим. Аммо орадан тахминан 20 кун ўтиб, мендан бехабар ҳолда “Озодий” стадионининг 4-майдони ижарага олинганини билдим. Бу ерда иккинчи жамоа ва аёллар жамоаси шуғулланар экан. Ҳозир биз фойдаланаётган майдон “Истиқлол”га муносиб эмас. Кийиниш хонаси бир вақтнинг ўзида жиҳозлар омбори ва мураббийлар хонаси вазифасини бажаряпти”, – деди мутахассис.

У клуб раҳбариятининг молиявий сиёсатини ҳам танқид қилди.

“Тожерниё каби раҳбарлар мамлакат маблағларини айрим даллоллик қиладиган, одоб-ахлоқи паст хорижлик мураббийларга сарфлашни ва уларнинг қўли остида ишлашни афзал кўришади. Аммо “Истиқлол” тақдирига бефарқ бўлмаган, маблағларни тўғри сарфлашни истайдиган мураббийга ҳатто энг зарур шароитларни ҳам яратиб беришмайди. Менинг муаммом шу”, – деди Бахтиёризода.

Мураббийнинг таъкидлашича, у мавсум бошида трансфер тақиқлари ва таркибни кучайтириш имконияти чекланганига қарамай, жамоа билан ишлашга рози бўлган. Бироқ машғулотлар учун етарли инфратузилма мавжуд эмаслиги уни истеъфо ҳақида қарор қабул қилишга ундаган.

Эрон ОАВ маълумотига кўра, “Истиқлол” раҳбарияти Бахтиёризоданинг истеъфосига қарши чиқиб, уни жамоада олиб қолишга ҳаракат қилмоқда.

“Истиқлол” 22 ноябрь куни Осиё Чемпионлар лигаси Элит босқичида БААнинг “Ал-Айн” клубига қарши майдонга тушиши керак. Ўзбекистонлик икки футболчининг жамоаси ушбу баҳс олдидан мураббийлар штаби билан боғлиқ ноаниқ вазиятга тушиб қолди.

Киритилди: 23:56 19.11.2026. Ўқилди: 267 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар