Саид Абдулазиз Юсуповга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
20 ноябр куни ҳарбий суд ҳукми билан Саид Абдулазиз Юсупов жиноий жазога тортилгани маълум бўлди. Суд Юсуповни Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш (ЖК 159-моддаси 3-қисми “а” банди) ҳамда оғирлаштирувчи ҳолатларда туҳмат (ЖК 139-моддаси 2-қисми “а, г” бандлари) жиноятларини содир қилганликда айбли деб топди. Унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Саид Абдулазиз Юсупов муқаддам ҳам судланган. У 2019 йилнинг 10 майида фирибгарликда гумонланиб қўлга олинганди. Ўшанда унга ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик ва пора бериш жиноятлари билан айб қўйилган.
Юсуповга аввалига 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Кейин жазо 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишларига ўзгартирилган ва у 2020 йил 8 июл куни озодликка чиқарилган. Олий суд раиси ўринбосари ўшанда Юсуповга “фирибгарлик орқали етказилган зарарни тўлиқ қоплагани сабабли унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани”ини маълум қилганди.
Маълумот учун, Саид Абдулазиз Юсупов 1982 йилда Навоий вилоятида туғилган. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.