Россияга бораётган мигрантлар мобил телефон сотиб олишга мажбур бўлади. Бу ҳақда Россия ички ишлар вазири ўринбосари ва давлат котиби Игор Зубов Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси йиғилишида маълум қилди.
"Барчани келажакда нималар бўлиши қизиқтирмоқда. Бу ерга келадиган ҳар бир муҳожир, айниқса, ишлаш учун ёки узоқ муддатга келаётганлар рўйхатдан ўтиш вақтида телефон сотиб олиши шарт бўлади. Телефонда уларнинг электрон профили жойлашади. Биз ҳар бир муҳожирнинг қаерда эканини билиб турамиз. Улар бир аҳоли пунктидан бошқасига назорациз кўча олмайди ёки яшаш жойини ўзгартира олмайди. Бу тизимнинг асоси бўлади", — деб тушунтирди Зубов.
Маълумот ўрнида, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Москва вилоятида “Амина” мобил иловаси синовдан ўтказила бошланди. Илова Ички ишлар вазирлигига мигрантларнинг геолокациясини кузатиб бориш имконини беради. Россияга визасиз келган вояга етган барча муҳожирлар учун ундан фойдаланиш мажбурийдир.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, декабр ойи ўрталарига келиб 139 мингдан ортиқ киши миграция рўйхатидан чиқарилган. Бунга “Амина” иловасида уларнинг геолокация маълумотлари бўлмагани сабаб бўлган. Агар мигрантнинг қаерда экани ҳақидаги маълумот тизимга уч иш кунидан кўпроқ вақт давомида киритилмаса, у рўйхатдан ўчирилади.