Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Курск вилоятида минадан тозалаш ишларида қатнашayotgan шимолий кореялик сапёрларга миннатдорлик билдирди ва КХДР кўрсатаётган ёрдам “ҳеч қачон унутилмаслигини” таъкидлади.
«Биз миннатдормиз, Корея Халқ Демократик Республикасидан бўлган дўстларимизнинг фидокорона ва қаҳрамонлик ёрдами учун чуқур раҳмат айтамиз. Бу ёрдамни ҳеч қачон унутмаймиз», — деди Песков журналистларга.
Миноборона газетаси **«Красная звезда»**нинг маълумотига кўра, шимолий кореялик сапёрлар Курск вилоятида минадан тозалаш ишларида россиялик мутахассислар билан бирга қатнашмоқда. Нашрда таъкидланишича, КХДР ҳарбий мутахассислари Россия инженерлик қўшинлари ўқув марказларида қўшимча тайёргарликдан ўтган.
Газетага кўра, Корея Халқ Армияси махсус бўлинмалари душман устидан ғалабада катта роль ўйнаганидан сўнг, энди КХДР сапёрлари Курск ерларига кириб келган.
Россия хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу июнь ойида Пхеньяндаги ташрифи вақтида КХДР сапёрлари ва қурилишчиларини Россияга юбориш бўйича келишувга эришилганини айтган эди. Унга кўра, Ким Чен Ин Россияга бир минг сапёр ва беш минг ҳарбий қурилишчи юборишга қарор қилган.
26 апрель куни Россия Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов президент Владимир Путинга Курск вилоятида Украина қўшинларига қарши операция якунланганини маълум қилган. Унинг айтишича, Украинанинг плацдарм яратиш режалари барбод этилган. Герасимов ўз баёнотида КХДР ҳарбийлари Курск вилояти устидан назоратни тиклашда муҳим ёрдам кўрсатганини қайд этган.
Россия ва КХДР ўртасида ҳозирда комплекс стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома амал қилади.