Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Россия кутубхоналаридан Ўзбекистон тарихига оид энг нодир қўлёзмалар топилди

Россия кутубхоналаридан Ўзбекистон тарихига оид энг нодир қўлёзмалар топилди

Ўзбекистон замини маданий бойликларга бой. Айни пайтда тақдир тақозоси билан халқимиз маданиятига оид мерос бутун жаҳон бўйлаб ҳам кенг тарқалган. Уларни излаш, ўрганиш ва жамоатчиликни хориждаги маданий ёдгорликларимиз билан таништириш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Марказ ходимлари яқинда мазкур йўналиш бўйича илмий хизмат сафари билан Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги кутубхона ҳамда архивларда бўлиб қайтди. Бундан мақсад ёзма меросимизга оид манбаларни излаш, аниқлаш ва улар устида дастлабки тадқиқотлар юритишдан иборат бўлди.

Маълумки, ушбу ҳар икки шаҳарда Россиянинг энг йирик икки кутубхонаси жойлашган. Булар – Москвадаги Россия давлат кутубхонаси, Санкт-Петербург шаҳридаги Россия миллий кутубхонаси. Айни кутубхоналарда нашрлардан ташқари бир неча минглаб қўлёзма китоб ва ҳужжатлар сақланади. Кутубхоналарнинг қўлёзма фондига ташрифимиз давомида асосий эътибор Ўзбекистонга оид қўлёзма китоб ва ҳужжатларни аниқлаш, улар ҳақидаги маълумотларни жамлашга қаратилди. Араб, форс тиллари ва эски ўзбек ёзувида битилган катта миқдордаги қўлёзмалар ичидан Ўзбекистонга оидларини излаб топишга муваффақ бўлдик. Масалан, Россия давлат кутубхонаси қўлёзмалар фондидаги 60 дан ортиқ қўлёзма Ўзбекистонга оид экан. Булар қаторида Мирзо Улуғбекнинг “Зижи”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг 1593 йили кўчирилган “Тазкират уш-шуаро” асарларининг ноёб қўлёзма нусхаларини тилга олиш мумкин.

Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонаси қўлёзмалар бўлими ҳам қўлёзмаларга бойлиги билан ажралиб туради. Сабаби, мазкур шаҳар ўз замонида Туркистон генерал-губернаторлиги ҳам таркибига кирган Россия империясининг пойтахти бўлган. Ўша тарихий даврда кўплаб қўлёзмалар империя пойтахтига олиб кетилган ва ҳозирда улар юқорида зикр этилган кутубхонада сақланади.

Бу ерда сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш орқали 110 га яқин қўлёзма Ўзбекистонга оид экани аниқланди. Муҳими, Россия давлат ҳамда миллий кутубхонасида сақланувчи Ўзбекистонга оид қўлёзмалар ҳақидаги 160 дан ортиқ маълумот Марказ реестрига киритилиб, илмий тавсиф қилинади. Кези келганда шуни ҳам қайд этиш керакки, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказида ҳозирги вақтда меросимизга оид маълумотлар жойлашган электрон реестр устида ишланмоқда. Ҳозирга қадар маданий меросимизга оид 5000 га яқин маълумот мазкур реестрга киритилган.

Айни электрон реестр янги топилган маълумотлар билан муттасил тўлдириб борилаяпти. Россия кутубхоналарида аниқланган халқимиз меросига оид 170 та қўлёзма ҳақидаги янги маълумот ҳам айни шу электрон реестрга киритилади.

Сафар давомида муҳим янгиликлар ҳам аниқланди. Россия миллий кутубхонаси қўлёзмалар бўлимида Ўзбекистонга оид ноёб қўлёзмалар ҳам учраб туради. Булар сирасига Алишер Навоийнинг ҳаётлиги даври – 1465 йили кўчирилган “Илк девон”и қўлёзмасини ҳамда 1592–1596 йиллари Озарбайжоннинг Қизилоғоч шаҳрида кўчирилган Алишер Навоий асарларидан иборат “Мажмуа”ни киритиш мумкин. Айни “Мажмуа” қўлёзмаси бадиий жиҳатдан ўта юксак бўлиб, Али Фоизий исмли хаттот томонидан Сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Аббос Сафавий (1587–1629) армияси ҳарбий қўмондони Фарҳодхон буюртмасига кўра кўчирилган. Фарҳодхон 1596–1598 йилларда Мозандарон ҳокими, сиёсий арбоб ва санъат ҳомийси эди. У кўплаб бадиий юксак қўлёзма китобларнинг кўчирилишига сабабчи бўлган. Машҳур шахс ва катта ҳарбий истеъдодга эга Фарҳодхоннинг обрўси ҳукмдор Шоҳ Аббосни ваҳимага солган. Шу боис Шоҳ Аббос 1598 йили Фарҳодхонни сотқинликда айблаб, қатл эттирган. Фарҳодхон учун кўчирилган Навоий мажмуаси бадиий безакларига кўра ноёб бўлиб, катта ҳажм – 1444 бетдан иборат. Бу қўлёзмада Шоҳ Аббоснинг вақф муҳри ҳам бор. Муҳим жиҳати адабиёт ва санъат ҳомийси бўлган шахс – Фарҳодхоннинг айнан Алишер Навоий меросига диққат қилганидир. Мазкур қўлёзмаларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва факсимиле нашрини амалга ошириш Марказнинг келажакдаги вазифаларига кириши режалаштирилмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида ҳам Ўзбекистонга оид бир қатор ноёб қўлёзмалар сақланади. Булар қаторида Қўқон хони Умархон даври тарихига бағишланган Мушриф Исфарагийнинг “Шоҳномаи Умархоний” ва Фазлий Намангонийнинг “Умарнома” асарлари қўлёзмаларини қайд этиш мумкин. Дунёда ягона нусхада бўлган ва Қўқон хонлиги тарихини ўрганишда муҳим манба саналувчи мазкур икки қўлёзма нусхаларини Ўзбекистонга келтириш ва факсимил нашрларини амалга ошириш – муҳим вазифа. Сафар давомида бу йўналишдаги ишларни амалга ошириш борасида ҳам институт маъмурияти билан келишиб олинди.

Айни илмий сафарлар натижаси сифатида келгусида тилга олинган икки фонддаги қўлёзмалар асосида “Россия Давлат кутубхонасидаги Ўзбекистонга оид қўлёзмалар” ҳамда “Россия Миллий кутубхонасидаги Қўқон хонлигига оид қўлёзмлар” сингари каталоглар яратиш ва илмий жамоатчиликни хориждаги меросимизга оид қўлёзмалар билан таништириш зарур. Келгусида Россия илмий ва маданий муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозим. Зеро, буларнинг барчаси Ўзбекистонга оид мерос билан мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилигини таништириш йўлида амалга оширилмоқда.

 

Афтондил ЭРКИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 

Ўзбекистонга оид хориждаги 

маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази

 

Киритилди: 06:00 17.08.2019. Ўқилди: 4678 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!