Россия коинотда уруш бошлаши мумкин. Бу ҳақда NATO бош котиби ўз фикрини билдирди.
"Россия коинотда ядро қуролини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда ва уни сунъий йўлдошларга қарши қўллаши мумкин", — дея маълум қилди Марк Рютте Welt am Sonntag ҳафталигига берган интервюсида.
Рюттенинг таъкидлашича, Москванинг коинотдаги имкониятлари эскирган ва Ғарб даражасига жавоб бермайди. "Шу сабабли Россия учун коинотда ядро қуролини ривожлантириш ўз қудратини ошириш усулидир", — деди алянс раҳбари.
"NATO давлатлари янги таҳдидларга тайёргарлик кўрмоқда — разведка маълумотларини алмашмоқда, миллий коинот қўмондонликларини яратмоқда ва ҳимояланган сунъий йўлдошлар ишлаб чиқмоқда. Сўнгги йилларда коинот макони янада гавжум, хавфли ва олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлиб қолди", — дея қайд этди Рютте.
У, шунингдек, NATO илк бор Арктика ҳудудида сунъий йўлдошлар орқали кузатувни кенгайтираётганини эълон қилди. Рюттенинг сўзларига кўра, Хитой ва Россия тобора кўпроқ янги денгиз йўлларидан фойдаланмоқда ва Арктиканинг айрим қисмларини ҳарбийлаштирмоқда.
"Сунъий йўлдошлар бизга қуруқлик ва денгиздаги ҳаракатларни кузатишга, қўшинларимиз учун ишончли ва ҳимояланган алоқани таъминлашга ёрдам беради", — дея қўшимча қилди бош котиб.