Украинанинг Львов вилоятида Россия ҳужумлари натижасида етти киши жароҳат олди ва шаҳар марказидаги ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объекти шикастланди.
Бу ҳақда Львов вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
"Россия қуролли кучлари Украинанинг Львов вилоятига ҳужум қилишда давом этмоқда. Ярадорлардан камида иккитаси оғир яраланган. Дрон ҳужумлари хавфи яна юқори. Дастлабки маълумотларга кўра, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объекти шикастланган. Хавф юқорилигича қолмоқда. Бошпаналарда қолинг", деб ёзган у.
Айни пайтда, Львов мери Андрей Садовий ёнғин содир бўлган турар-жой биносига ҳужум ҳақида хабар берди.
Украина оммавий ахборот воситалари Украинанинг ғарбий шаҳарларига ҳужумлар давом этаётгани, Тернопил, Ивано-Франковск ва Винницада портлашлар эшитилаётгани ҳақида хабар бермоқда.