Нидерландияда Россия фойдасига жосуслик қилган икки нафар 17 ёшли йигит ҳибсга олинди. Бу ҳақда De Telegraaf газетаси хабар берди. Оталардан бирининг сўзларига кўра, ўсмирлар 16 август куни Ҳаагадаги Европол, Европа адлия тизими ва Канада элчихонаси бинолари ёнидан ўтган маршрут бўйлаб «Wi-Fi-сниффер» — тармоқларни сканерлаш ва паролларни ўғирлаш, маълумотларни ушлаб қолиш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурилмани кўтариб ўтган.
Аноним куратор йигитлар билан Telegram мессенжери орқали алоқа ўрнатган.
Бу Нидерландияда вояга етмаганларнинг хорижий давлат томонидан ёлланиши билан боғлиқ биринчи ҳолат. 25 сентябр, пайшанба куни гумонланувчилар тергов судяси олдига келтирилди, судя улардан бирига қўшимча 14 кун ҳибсда қолишни буюрди. Иккинчисига эса уй қамоғида қолиш ва электрон билагузук тақиш буюрилган.
Нашрнинг ёзишича, ўсмирлардан бири мактаб ўқувчиси бўлиб, ҳоккей ўйнайди, геймингни яхши кўради ва ҳали ҳам юмшоқ ўйинчоқ билан ухлайди.
Воқеа ота-оналар учун мутлақо кутилмаган воқеа бўлди.