Украинанинг “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) давлат лойиҳаси Россия армияси сафида уришаётган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда лойиҳа вакиллари “Украина—Марказий Осиё” лойиҳасининг сўровига жавобан маълум қилди.
2026 йил ҳолатига кўра, лойиҳа ихтиёрида 12 666 нафар марказий осиёликнинг шахсий маълумотлари бор. Бу шахслар Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган. Улар Россия армияси сафида урушда қатнашган ёки ҳозирда қатнашмоқда.
Маълум қилинишича, ёлланма аскарлар сони бўйича мамлакатлар қуйидагича кетма-кетликда жойлашган:
◾️ Ўзбекистон 4 853 нафар фуқаро;
◾️ Тожикистон 3 407 нафар фуқаро;
◾️ Қозоғистон 2 389 нафар фуқаро;
◾️ Қирғизистон 1 439 нафар фуқаро;
◾️ Туркманистон 578 нафар фуқаро.
2025 йилнинг баҳори ва ёзида “Хочу жить” лойиҳаси Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг исм-шарифлари кўрсатилган рўйхатларни эълон қилганди. Ўша пайтда 5 740 нафар ёлланма аскар ҳақида маълумот бўлган.
Ҳозирги кунга келиб, аниқланган шахслар сони икки баравардан кўпроққа ортди. Лойиҳа вакиллари барча маълумотлар шахсан тасдиқланганини билдирди.