Россиянинг Inteko Group энергетика компанияси Афғонистон ҳукумати билан нефть қазиб олиш ва нефтни қайта ишлаш заводи қуриш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар берди.
Битим Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуруддин Азизий ва Интеко Гроуп вакиллари томонидан 16-Қозон халқаро иқтисодий форуми доирасида имзоланди.
Россия бизнесининг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари Рустам Хабибуллиннинг айтишича, компания мутахассислари аллақачон геологик қидирув ишларини олиб боришган. Кейинги босқич бурғулаш ишлари ва зарур муҳандислик инфратузилмаси билан жиҳозланган майдонда нефтни қайта ишлаш заводини қуриш бўлади.
Форум доирасида Афғонистон делегацияси ва россиялик тадбиркорлар ўртасида яна бешта ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатлар транспорт, авиация ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликка тегишли. Ушбу келишувлар тафсилотлари ошкор этилмаган.
Вазир вазифасини бажарувчи Азизий, шунингдек, Россия компанияларини Афғонистоннинг тоғ-кон саноатига сармоя киритишга ва электр стансиялари қурилишида иштирок этишга чақирди.
Кобул делегациясига Иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул Ғани Барадар бошчилик қилди. Унга кўра, Қозон шаҳрида Татаристон президенти Рустам Минниханов ва Мордовия раҳбари Артем Здунов билан учрашувлар бўлиб ўтган. Қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини экспорт қилиш, божхона тартибга солиш ва ўзаро савдони ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
– Мазкур форум иқтисодий муносабатларимизда янги саҳифа очди, – деди Барадар ташриф якунлари бўйича.