Россия 2022-йил кузида руслар тарк этган Харков вилояти ҳудудини қайтариб олиш мақсадида Купянск йўналишида 500 га яқин танк, 600 дан ортиқ жанговар техника ва 40 мингга яқин аскарни жамлади, деб ёзади Forbes.
Россия гуруҳига қарийб 20 минг аскардан иборат 10 га яқин Украина бригадаси қаршилик кўрсатмоқда. Аммо асосий муаммо ҳатто сонлардаги фарқда эмас, балки Украина Қуролли кучлари ўртасидаги ўқ-дорилар тақчиллигида, дея қайд этади нашр.
"Бу вазият Россияга таниқли ёндашувни қўллаш имконини беради: шаҳар ҳудудларини мунтазам равишда вайрон қилиш, уларни ҳимоясиз қилиш", деб тушунтирди Украинанинг Frontelligence Insight таҳлилий гуруҳи.
Украина минглаб FPV дронларини қўллаш орқали ўқ-дорилар етишмаслигини қоплашга ҳаракат қилмоқда, аммо бундай дроннинг масофаси атиги 2-3 километрни ташкил қилади. Бу фронтдан 20-25 км узоқликда жойлашган рус артиллериясини овлаш учун етарли эмас.