Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Родриго Гоэс “Манчестер Сити”га ўтмасликка қарор қилди. Marca нашрининг хабар беришича, футболчи жамоа раҳбариятига жамоада қолмоқчи эканлигини маълум қилган.
Манбага кўра, бразилиялик футболчи камида январ ойигача “Реал” сафида қолиб, асосий таркиб учун курашмоқчи. Шунингдек, трансфер ойнаси якунланишига уч кун қолгани сабабли футболчининг бошқа жамоага ўтиш эҳтимоли жуда паст баҳоланмоқда.
Аввалроқ ОАВда “Манчестер Сити” 24 ёшли футболчи билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. “Шаҳарликлар” Родриго учун 5 йиллик шартнома таклиф қилган, “Реал” эса бразилиялик вингернинг трансферидан 100 миллион евро атрофида маблағ ишлаб олишни режалаштиргани айтилган. Аммо футболчи сўнгги дақиқаларда инглиз клуби таклифини рад этган.
Маълумот ўрнида, Родриго 2019-йилнинг ёзида “Реал” сафига қўшилган. У шу вақтга қадар барча мусобақалар доирасида жами 271 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 68 та гол ва 51 та голли узатма ёздириб қўйган. Ҳужумчининг клуб билан шартномаси 2028-йилнинг ёзигача амал қилади.