Россиянинг “РИА Новости” давлат ахборот агентлиги “Россияни яна бир махсус ҳарбий амалиёт кутмоқда. У жуда қисқа давом этади” сарлавҳали мақолани эълон қилиб, унда Литвага ядровий зарба бериш билан таҳдид қилди.
Мақола агентликнинг штатдан ташқари муаллифи Александр Носович томонидан ёзилган. Носович Литва парламентининг мамлакатда ядро қуролини жойлаштиришга тақиқни бекор қилишни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорига жавобан шундай мақола ёзган.
Ушбу мақола эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб “РИА Новости” агентлигидан ўчириб ташланган. Чунки материал “Таҳририят фикри ва сиёсатига, шунингдек, Россиянинг давлат сиёсатига мос келмайди”, деб топилган. Бироқ мақоланинг нусхаси веб архивда сақланиб қолган.
Носович ўчирилган мақоласида Европа давлатлари Россия чегараларига ноанъанавий қуролларни жойлаштириш масаласини фаол равишда кўтаришда давом этаётгани ва ядро қуроли омборига айланишга рози бўлган давлатни танлаганини айтган.
Муаллиф бошқа нарсалар қаторида Литвани мияси йўқ, ўзини ўзи ҳалокатга бошлаётган давлат, Россиянинг яқин хориждаги кичик, аммо мағрур камикадзеси деб атаган. У Литвани Украина билан таққослаб, мамлакатга бостириб кириш ва ядровий зарба бериш билан таҳдид қилган.
Гап қандай воситалардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида кетмоқда. Рақибларимиз ядро таҳдиди ҳақида биринчи бўлиб гап очган экан, Россия ҳатто қуруқликдаги қўшинларини киритишдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун тегишли жанговар каллак билан жиҳозланган ракеталарнинг ўзи кифоя. Қарор шунчаки тез эмас, чақмоқдек тез амалга оширилади, дейилади мақолада.
Бу Россия томонидан Литвага қарши билдирилаётган илк таҳдид эмас. Сентябр ойида Россиянинг собиқ президенти, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаётган Дмитрий Медведев aгар Литва ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштирса, Россия ушбу мамлакатни “жаҳон харитасидан ўчириб юбориш”ини айтиб таҳдид қилганди. Кремл эса бундай ҳолатда Литва Россия ядровий қуроли нишонига айланишини билдирганди.