67 кишининг ҳаётига зомин бўлган American Airlines йўловчи самолёти ва ҳарбий Black Hawk вертолётининг тўқнашуви ортидан АҚШ Федерал Авиация бошқармаси (FAA) Вашингтондаги Рейган миллий аэропорти яқинида вертолёт парвозларини номаълум муддатга чеклади.
Бу ҳақда "Реутерс" агентлиги хабар берди.
FAA вакилининг айтишича, ҳозирда аксарият вертолётларга аэропорт яқинидаги иккита йўналишда парвоз қилиш тақиқланган. Фақат полиция ва тиббий вертолётлар бундан мустасно бўлиб, улар аэропорт ва яқин атрофдаги кўприклар ўртасида парвоз қилишлари мумкин.
FAA вазиятни тўлиқ баҳолаш ўтказилгунга қадар чекловлар номаълум муддатга сақланиб қолишини тавсия қилди.
Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши аъзоси Тодд Инманнинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, вертолёт тўқнашув вақтида маршрутни ўзгартирган. Унинг қайд этишича, Вашингтон ҳудудида аниқ белгиланган ҳаво ҳаракати тизими мавжуд.
Ҳукуматнинг 2021 йилги ҳисоботига кўра, ҳар йили аэропортдан 30 миля масофада 11 000 га яқин ҳарбий вертолёт парвозлари амалга оширилади.
Ҳодиса чоршанба куни аеропорт яқинида юз берган ва Потомак дарёсига самолёт ва вертолёт қулаган. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.