Бу Хитой телевидениеси талаби билан амалга оширилди.
Агентлик хабарига кўра, дастлаб Хитой Марказий телевидениеси (CCTV) Пекиндаги ҳарбий параднинг видеосидан, жумладан, Си Жинпин ва Владимир Путин трибуна томон юриб кетаётганда суҳбатлашгани лаҳзаларидан фойдаланишга рухсат берган. Reuters ушбу материалдан тўрт дақиқалик видео тайёрлаб, уни дунё бўйлаб минглаб обуначиларига, жумладан энг йирик телеканалларга тарқатган.
Бироқ 5 сентябр куни Reuters CCTV'нинг юридик бўлимидан расмий хат олган. Унда телекомпания видеони ўчириб ташлашни талаб қилган. "Материални таҳририй қайта ишлаш лицензияланган трансляциядаги фактлар ва баёнотларнинг очиқ-ойдин бузиб кўрсатилишига олиб келди", дейилади хатда.
Натижада Reuters видео материални ўчириб ташлади, аммо ўз томонидан ҳеч қандай қоидабузарлик амалга оширилмаганини таъкидлади.
3 сентябр кунлари Пекинда бўлиб ўтган ҳарбий парадда олинган ва агентлик томонидан эълон қилинган видеода Хитой ва Россия етакчилари узоқ яшаш ҳақида суҳбатлашган эди.
"Илгари одамлар 70 ёшга етиши кам учрарди, бугун эса 70 ёшда ҳам одамни бола деб аташади", — деган Си Жинпин.
"Биотехнологиялар ривожи туфайли инсон органларини доимий равишда кўчириб ўтказиш имкони мавжуд. Бу орқали одамлар ўзларини тобора ёшроқ ҳис қилишлари ва ҳатто абадийликка эришишлари ҳам мумкин", — дея жавоб қайтарган эди Путин.