Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

“Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази” директори Дилнозхон Мақсудова қамоққа олинди

“Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази” директори Дилнозхон Мақсудова қамоққа олинди

“Jahon.uz” нашрининг ишончли манбаси хабарига кўра, Дилнозхон Мақсудова Саидкамаловна Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Дилнозхон Максудова 2017 йил 27 декабрдан “Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази” давлат муассасасининг директори лавозимида ишлаб келиб, муассаса бош ҳисобчиси Х.Сиддиқова, ҳисобчи Г.Абдухалилова, банк ходими Г.Юлдашева ва бошқалар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, стационар тартибда кўрсатилган тиббий хизматлар учун беморлардан 2018 йилда нақд пул шаклида қабул қилинган 17,9 млрд, сўмнинг 5,7 млрд, сўмини, 2019 йилда қабул қилинган 17,5 млрд, сўмнинг 7,4 млрд, сўмини, жами 13,1 млрд, сўм пул маблағларни банк муассасаларига топширмасдан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани айтилмоқда.

Шунингдек, касса операцияларини амалга ошириш бўйича ишчи-ходимларнинг ойлик иш ҳақи ва бошқа мақсадлар учун 2018 ва 2019 йилнинг ўтган даврида банк муассасасидан нақд пул шаклида олинган 1,05 млрд, сўм миқдоридаги пул маблағларини гўёки ушбу маблағлар ишчи ходимларга ойлик иш ҳақи сифатида тарқатилганлиги ҳақида ҳужжатларни сохталаштириб, шунча миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилишгани ҳам қўшимча қилинди.

Тергов органининг 2019 йил 9 ноябрдаги қарорига кўра, Дилнозхон Мақсудова Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилинган.

Аммо, шунча маблағларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши ва талон-тарож қилиниши борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг Матбуот хизмати “оғиз очгани йўқ”, балки улар ҳали эшитишмагандир.

“Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази” давлат муассасасига янги тайинланган раҳбар ҳам ОАВ билан ишлашдан анча йироққа ўхшайди. Сабаби, Марказнинг расмий сайтида раҳбар ҳали ҳамон Дилнозхон Мақсудова номи қайд этилган.

Мулоҳаза ўрнида айтмоқчиманки, ҳурматли Соғлиқ сақлаш вазири жаноблари, “бурнингизни тагидан” шунча пулни сизнинг қўл остингиздаги ходимлар ўмариб кетганини билмай қолдингизми? Афсус, бу пулга қанча азобда яшаётган болаларни хорижда ёки ўзимизда даволатса бўларди.

Бу талон-тарож қилингани айтилаётган пуллар кимнингдир жиғилдонидан жой олиб улгурмаган бўлса хўп-хўп, йўқ қилинган бўлса иккита-учта айбдор унча узоқ бўлмаган муддат қамоқда ўтириб чиқади, таммом вассалом!

Киритилди: 15:58 14.01.2020. Ўқилди: 5462 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!