Ўтган йили тропик ўрмонлар майдони 6,7 миллион гектарга қисқарди - бу йигирма йиллик кузатувлар давомида бундай ўрмонларнинг энг катта йўқолиши ҳисобланади. Бу маълумотлар Жаҳон ресурслари институти (WRI) ва Мериленд университетининг Global Forest Watch йиллик қўшма тадқиқотида келтирилган бўлиб, 21 май куни эълон қилинди.
Тропик ўрмонларнинг бундай йўқотилиши 3,1 гигатонна миқдорида қўшимча карбонат ангидрид чиқиндиларининг пайдо бўлишига олиб келди.
Тадқиқотчиларнинг баҳолашича, дунёдаги тропик ўрмонлар ва умуман ўрмонлар йўқотилишининг асосий қисми ёнғинлар билан боғлиқ. Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, бу ўз навбатида иқлим ўзгариши натижасида юз берган: 2024 йил бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлди. Йил давомида йўқолган ўрмонлар майдони бўйича биринчи ўринда Бразилия (6,7 миллион гектар) туради.
Ҳисоботда асосий эътибор тропик ўрмонларга қаратилган бўлса-да, бошқа турдаги ўрмонларнинг, хусусан, Сибир ва Канададаги тайга ўрмонларининг ҳам сезиларли даражада йўқ қилинаётгани қайд этилган. Бу жойларда ҳам ўрмонлар йўқолишининг асосий сабаби ўрмон ёнғинлари эканлиги таъкидланган. Ҳисобот муаллифларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда Россияда ўрмонлар майдони 5,6 миллион гектарга, Канадада эса қарийб 4 миллион гектарга қисқарган.