Белгия ҳарбий базалари ва аэропортлари устидан дронлар кузатилаётгани сабабли NATO низомининг 4-моддасини қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда Белгия мудофаа вазири Тео Франкен маълум қилди.
Сешанба куни маҳаллий вақт билан тахминан 20:00 да Брюссел халқаро аэропорти ҳамда Льеж ва Шарлеруа аэропортлари осмонда дронлар аниқлангани сабабли ёпилган.
Бундан ташқари, Кляен-Брогел ва Флорен ҳарбий базалари устида ҳам дронлар учгани хабар қилинганди.
Маълумот учун, NATO низомининг 4-моддаси алянс аъзоси бўлган давлатга маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраш ҳуқуқини беради, 5-моддаси эса аъзо давлатлардан бирига уюштирилган ҳужумни "бутун алянсга қилинган ҳужум" деб ҳисоблашни назарда тутади.
Аввалроқ, Белгияда дронлар сабаб аэропортлар фаолияти тўхтатилди, NATO базаси устида ҳам учувчи қурилмалар аниқлангани маълум қилинганди.