Испаниялик тадбиркор Энрике Рикельме «Реал» президенти сайловларида иштирок этиш қарори юзасидан ўз фикрларини билдирди.
«Бу «Реал» учун муҳим кун, 20 йилдан сўнг биз овоз бериш имкониятига эга бўламиз. Бу бирор кишига қарши қаратилган номзодлик эмас. Бу — Мадрид учун. Бизда жуда қизиқарли лойиҳа бор... Мен клуб аъзоларидан қўрқмасликларини сўраган бўлардим», — дея тадбиркорнинг сўзларини келтиради ESPN.
Рикельме ўз номзодини қўйиш ниятида эканини 21 май куни эълон қилган эди, 23 майда эса у шахсан «Реал» офисига ўз аризасини топширди. Сайловлар 7 июнга белгиланган.
Аввалроқ, «Реал»нинг амалдаги президенти Флорентино Перес жамоанинг 2025/26 йилги мавсумдаги ноаниқ натижалари фонида муддатидан олдин сайлов ўтказилишини эълон қилган эди. Переснинг ўзи ҳам овоз бериш жараёнида иштирок этиш нияти борлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» Испания чемпионатининг 2025/26 йилги мавсумини иккинчи ўринда якунлади.