Мадриднинг “Реал” клуби жамоанинг уч нафар асосий юлдузи борасидаги бир қарорга келди. El Mundo нашри журналистларининг хабар беришича, “қироллик клуби” раҳбарияти Килиан Мбаппе, Винисиус Жуниор ва Жуд Беллингемни сотиш ҳақида умуман ўйламаяпти.
Клуб мутасаддилари ҳозирги таркибнинг салоҳияти жуда юқори эканига ишончи комил. Шу сабабли, Мадрид жамоаси кейинги мавсумларда ҳам айнан мана шу “учлик”ка таянмоқчи. Гарчи жамоа жорий мавсумда кутилган натижаларга тўлиқ эриша олмаган бўлса-да, раҳбарият барқарорликни сақлаб қолишни афзал кўрмоқда.
Манбанинг сўзларига кўра, клуб раҳбарияти Карло Анчелотти, Хаби Алонсо ва Альваро Арбелоа каби мутахассислар таркибдаги футболчиларнинг маҳоратидан етарлича фойдалана олмаётганидан норози. Раҳбарият жароҳатлар кўплигини тан олса-да, футболчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлашни бевосита мураббийларнинг бурчи деб билади.
Маълумот ўрнида, “Реал” ҳозирча 70 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. “Қироллик клуби” асосий рақобатчиси “Барселона”дан 9 очко ортда қолмоқда. Мадридликлар Европа Чемпионлар Лигасини ҳам эрта тарк этди. Жамоа мусобақанинг чорак финал босқичида Мюнхеннинг “Бавария” клубига (умумий 4:6 ҳисобида) имкониятни бой бериб, турнир билан хайрлашди.