Мадриднинг «Реал» клуби ўзининг расмий сайтида Чемпионлар лигаси 1/8 финалидан ўрин олган «Манчестер Сити»га қарши илк ўйин олдидан таркибдаги ҳолат бўйича маълумот берди. Мадридликларнинг бир йўла олти нафар футболчиси ушбу муҳим баҳсни ўтказиб юборадиган бўлди. Улар орасида жамоа етакчилари — франциялик ҳужумчи Килиан Мбаппе ва британиялик ярим ҳимоячи Жуд Беллингем ҳам бор.
«Алаба, Беллингем, Каррерас, Себальос, Мбаппе ва Милитао жароҳатдан сўнг тикланиш жараёнини давом эттиришмоқда», — дея хабар берди клуб матбуот хизмати ўйин превьюсида.
Бундан ташқари, ҳужумчи Родриго ҳам тиззасидаги операция туфайли сафдан чиққан. «Реал Мадрид» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги дастлабки учрашув 11 март куни «Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтади.