«Депортива Минера» футболчиларининг «Реал» ўйинчилардан олган либослари ўғирлаб кетилди.
Мадрид клуби Испания Кубоги 1/16 финалида 4-дивизион жамоасини меҳмонда 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ўйиндан сўнг мезбонларнинг ҳар бир футболчиси «Реал» аъзоларининг либосини олиши керак эди.
Аввалроқ рўйхат тузилиб, Мадрид клубига электрон почта орқали юборилган, унда футболкаларнинг аниқ сони кўрсатилганди. Майдонда одатдаги либослар алмашинувидан қатъи назар, истисносиз ҳамма ўзи танлаган футболчининг либосини оларди. Таъкидланишича, Мбаппенинг бир нечта футболкалари бўлган.
Cadena SER хабарига кўра, ўйиндан сўнг кийиниш хонасида бир қути футболкалар кутиб турарди, улгурганлар либосларни олган, бироқ кейинчалик «Реал» футболчиларининг қолган формалари қаергадир ғойиб бўлган.
Камида 4 футболчи «қаймоқранглилар» футболкаларисиз қолган, яна 4 нафари эса эсдалик совғасисиз қолмаслиги учун буюртмада бўлмаган футболчиларнинг либосларини олишга мажбур бўлган.
Бу воқеа клуб ичида норозиликка сабаб бўлди. «Депортива Минера»нинг тушунтиришича, футболкаларни ўғирлаганлар биноларга кириш ҳуқуқига эга бўлган одамлар, яъни клуб вакилларидир.