Жума куни "Реал" Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида кетма-кет бешинчи йил "Манчестер Сити" билан тўқнаш келишини билиб олди. Испания ва Англия футболи грандлари 1/8 финал босқичида ўзаро баҳс олиб боришади.
Журналист Дамиан Касольнинг ижтимоий тармоқларда хабар беришича, "Реал" клуби Чемпионлар лигаси қуръаси натижаларидан ҳафсаласи пир бўлган.
Журналистнинг сўзларига кўра, клуб ичида норозилик бор. "Реал"нинг баъзи вакиллари Тибо Куртуа ва Антонио Рюдигер "Реал" сафида "Манчестер Сити"га қарши "Челси" ўйинчилари бўлган вақтдагидан кўпроқ ўйнагани ҳақида киноя билан гапирмоқда.
"Реал" ва "Манчестер Сити" ўртасидаги дастлабки ўйин Испанияда, жавоб баҳси эса Англияда бўлиб ўтади.